Сурхондарё вилояти қўл тўпи (гандбол) федерацияси раиси, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов воҳадаги ушбу спорт тури бўйича мураббийлар, соҳа мутахассислари, спортчилар билан учрашиб, уларнинг ютуқ, муаммо ва таклифларини тинглади.
Вилоятда 37 тренер 1 минг 500 нафар ўғил-қизга қўл тўпи сирларини ўргатмоқда. Тренерларнинг 15 нафари, спортнинг қўл тўпи тури билан шуғулланаётганларнинг 375 нафари хотин-қизлардир. Айни пайтда Термиз шаҳридаги “Сурхон Арена” спорт мажмуасида гандбол мусобақаларини ўтказиш учун барча талабларга жавоб берадиган спорт зал мавжуд. Шунингдек, Термиз давлат университетида 15х30 усти ёпиқ ва 40х20 ҳажмдаги усти очиқ резина тўшамали майдон, Тиббиёт академияси Термиз филиалида 18х36 ҳажмдаги спорт зал фаолият юритмоқда.

Ўтган йил “Сурхон Арена” спорт мажмуасида гандбол бўйича Ўзбекистон якуний тур чемпионати ўтказилиб, Сурхондарё вилояти ўғил болалар жамоаси иккинчи, қизлар жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Вилоят гандболчиларининг “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси финал босқичи Термиз давлат университетида бўлиб ўтди. 2024-2025 ўқув йили учун Термиз давлат университетида гандбол йўналиши очилиб, 16 талаба қабул қилинди.

Воҳада спортнинг қўл тўпини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор вилоят гандболчиларининг халқаро мусобақаларда қатнашишига қулай муҳит яратди. Жумладан, шу йилнинг 3-7 январь кунлари Ҳиндистонда ўтказилган Халқаро гандбол федерацияси кубогининг Осиё қитъаси босқичида Ўзбекистон “У-20” терма жамоаси таркибида Термиз давлат университетининг уч талабаси ҳам иштирок этди. Беллашувда мамлакатимиз қўл тўпи усталари финалда Қозоғистонликларни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.

Мулоқот чоғида вилоятда спортнинг гандбол тури бўйича эришилган бу каби ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, спорт базасини мустаҳкамлаш, спорт мусобақаларини кўпайтириш, селекция асосида иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш, уларга шарт-шароит яратиб бериш каби масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жорий йил Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Универсиада” спорт мусобақасида кумуш медални қўлга киритган Термиз давлат университети талабаларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири