Сурхондарё вилояти марказида Термиз шаҳридаги “Iceberg” кўнгилочар маскани ва туманларда “Президент арчаси” театрлаштирилган байрам томошалари бўлиб ўтди.
Термиз шаҳрида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими У.Қосимов болажонларни давлатимиз раҳбари номидан Янги йил байрами билан табриклаб, кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз юритди.
Янги йил арафасида воҳадаги 598 нафар ота-она қаровисиз қолган болалар, 41 нафар Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, 20нафар Оилавий болалар уйи раҳбарларининг ўз фарзандлари, 41 нафар ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ходимларнинг ўғил-қизлари, 21 нафар “Меҳрли мактаб” ўқувчилари, 132 нафар Мурувват уйи тарбияланувчилари 24 турдаги ўқув қуроллари ва 34 турдаги ширинликлардан иборат “Президент совғалари”ни қабул қилиб олди.
– “Президент арчаси” байрам тадбирида қатнашганимдан қувончим чексиз, – дейди Термиз туманидаги биринчи Оилавий болалар уйи тарбияланувчиси Х.Константин. – Тадбирда Президентимизнинг совғаларини вилоят ҳокими қўлидан олганим ҳам ёдимда қоладиган ажойиб воқеа бўлди. Биз бундай меҳр ва ғамхўрликдан руҳланиб, келажакда Ватанга муносиб инсонлар бўлиб вояга етишга интиламиз. Бунинг учун аъло баҳоларга ўқиймиз.
[gallery-26902]
Тантанали тадбир болажонлар учун қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган театрлаштирилган байрам томошалари билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири