English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда кузги кўчат экиш бошланди
09:43 / 2025-10-28

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги кўчат экиш мавсумига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, муассаса ва идоралар вакиллари, жамоат фаоллари, нуронийлар, ёшлар иштирок этган йиғилишда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов, вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Амиров ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳасининг аҳамияти, ҳудудларнинг экологик мувозанатини сақлаш ва атроф-муҳитни яхшилашдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. 

Воҳада жорий йил кузги кўчат ўтқазиш мавсуми доирасида 7 миллион 843 минг туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган. Йиғилишда куз мавсумида яхши ниятлар билан қадаладиган мевали-манзарали дарахт ва бута кўчатларини сифатли экиш, парваришлаш юзасидан фикр алмашилди. “Яшил макон” лойиҳасининг баҳорги мавсумида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, дарахт экиш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Баҳорги мавсумда “М-39” автомагистрал йўлининг икки тарафини яшил ҳудудга айлантиришда фаол иштирок этиб, кўчатларни намунали парваришлаётган ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига ташаккурнома топширилди.

Шу ерда “Яшил макон” лойиҳасининг кузги кўчат экиш мавсумига старт берилиб, танланган ҳудудга юз тупга яқин манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА