Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда китобхонлар Эркин Аъзамни олқишламоқда
16:39 / 2025-11-28

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. 

Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва бошқалар мамлакатимизда адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Ўтмишдан адабиёт, илм-фан ва маданият ривожланган Сурхон воҳаси буюк алломалар, ёзувчи ва шоирларга бешик бўлиб келгани қайд этилди. Атоқли адибни муборак 75 ёши билан табриклаб, ҳаёти ва ижоди тўғрисида илиқ фикрлар айтилди. 

Ўзбек адабиётининг таниқли ёзувчиларидан бири, драматург ва публицист Эркин Аъзамнинг ижод саҳифасига назар ташланса, роман, қисса, ҳикоялардан ташкил топган ўндан зиёд китоб нашр эттиргани кўзга ташланади. Ижодига янада чуқурроқ кириб борган китобхон адибнинг йигирмага яқин экран ва саҳна асарлари яратганини илғайди. Эркин Аъзам ўз асарлари билан нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам яхши танилган. Бизнинг авлод ҳам ёзувчининг ҳикоя ва қиссаларини ўқиб, улғайганмиз. Ўқувчилик йилларимизда “Чироқлар ўчмаган кеча” китобини қўлма-қўл мутолаа қилганмиз, қаҳрамонлари билан хаёлан бирга яшаганмиз. “Отойининг туғилган йили” китоби ҳам ёшлигимизда ўқиган сара асарлардан бири сифатида хотирамизда ўрнашиб қолган. 

Муҳташам саройда бўлиб ўтган тўйга ёзувчининг ёшу кекса мухлислари ўзгача файз улашгани ҳам воҳада Эркин Аъзам асарларига қизиқувчилар кўплигини намойиш этди. Тадбирга воҳанинг узоқ-яқинидан келган кўплаб сурхондарёликлар ўриндиқларда жой йўқлигидан залнинг эшиклари ёнида туриб, суюкли ёзувчилари номига айтилган илиқ фикрларга қулоқ тутди. Анчадан буён бундай анжуманларда кузатмаганим бу ҳолатни адабиётнинг кўзга ташланмас кучи ва таъсири, бадиий адабиёт билан дўст тутинган ўқувчиларнинг асар муаллифига ҳурмат-эҳтироми ифодаси, деб билдим. 

– Севимли ёзувчимизнинг асарлари адабиётшунослигимизда кўп ўрганилган ва ҳозир ҳам тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, – дейди Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Обид Шофиев. – Қаҳрамонлари китобхонни чуқур мушоҳада юритишга ундаши билан ҳам аҳамиятли Адибнинг ижоди ўзига хос юмористик баёнга эга услуб, кутилмаган бадиий ечимлар ва кинояли тили билан ажралиб тургани кузатилади. Талабаларимизнинг бўш вақтларида Эркин Аъзам китобларини катта қизиқиш билан ўқиётганига дуч келиб тураман.

Анжуманда ёзувчининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган, фильмлари асосида тайёрланган видеороликлар, санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурлари намойиш этилди. 

Тадбир доирасида пойтахтдан келган меҳмонлар Термиз давлат университетида талабалар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишди. 

Адабиёт байрами эртага таниқли ёзувчи Эркин Аъзам туғилиб, ўсган Бойсун туманида давом этади. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири