English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда энг муносиб номзодлар маҳаллага раис бўлди
10:30 / 2025-06-17

Сурхондарё вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси сайлови якунланди. Май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловда ваколат муддати тугаган 641 нафар маҳалла раиси учун фуқаролар йиғини сайлови ташкил этилди. 83 маҳаллада фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати келмагани сабабли сайлов ўтказилмади.

Президентимиз ташаббуси билан ўзини ўзи бошқариш органини янада ривожлантиришнинг қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, маҳалла институти янада такомиллашди. Халқни ягона мақсад йўлида тинч, фаровон ҳаётга етаклайдиган кучли жамоатчилик тузилмасига айланди. Одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш каби масалаларда халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажара бошлади.

Бу ўзгаришларга хос маҳалла фуқаролар йиғини сайлови ҳам демократик тамойилларга мос очиқ, ошкора ва муқобиллик асосида конституциямизнинг 127-моддаси ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ўтказилди.

Воҳада сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил 20 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар режаси, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Сурхондарё вилояти комиссиясининг таркиби тасдиқланди. Шунингдек, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашининг қарори билан ҳам 14 та туман ва Термиз шаҳрида чора-тадбирлар режаси, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман ва шаҳар комиссия аъзолари таркиби тасдиқлаб олинди.

Сайловни юксак савияда ўтказиш ва кўмаклашиш учун 24 нафар аъзодан иборат вилоят кўмаклашувчи комиссияси, 18-27 нафар аъзони ўз сафига бирлаштирган туман, шаҳар комиссияси аъзолари, маҳаллаларда 6 минг 350 нафар аъзодан иборат  ишчи гуруҳлар тузилиб, фаолият юритди. Муҳим кампанияни миллий қонунчилигимизга мос ташкил этишга кўмаклашиш учун вилоят кўмаклашувчи комиссияси аъзолари туманлар ва Термиз шаҳрига, туман, шаҳар комиссияси аъзолари маҳаллаларга масъул этиб бириктирилди. Сайловни ташкил этишга кўмаклашувчи комиссиялар йиғилишларида маҳалладаги ишчи гуруҳлар фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, улар самарали ишлаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Сайлов ўтказиладиган манзил ва объектлар жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, улар овоз бериш кабиналари, қутилар ва зарур анжомлар билан тўлиқ таъминланди. Сайловга бағишланган тарғибот материаллари маҳаллаларнинг аҳоли гавжум жойларидаги электрон мониторлар, баннерлар, шит ва бошқа воситаларга жойлаштирилди.

– Жорий йилнинг 1 май кунидан бошланган ўзини ўзи бошқариш органлари сайловида 1 минг 543 нафар номзод иштирок этди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси ўринбосари Сайдулла Абдураимов. – Маҳаллалардаги аҳоли вакиллари уларнинг ташкилотчилик қобилияти ва ҳаётий тажрибасини инобатга олиб, ҳудудда обрў-эътибор қозонган 641 номзодга ишонч билдирди. Улар беш йил муддатга маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. 

Таҳлилларга кўра, сайловларда 158 минг 616нафар вакилларнинг 135 минг 954 нафари ёки 86 фоизи овоз беришда иштирок этди. Сайловларда аҳоли вакиллари 304 нафар амалдаги раисларга катта ишонч билдирди. 337 нафар раиси биринчи марта сайланди. Уларнинг 59 нафари хотин-қизлар, 11 нафари маҳаллий кенгашлар депутатлари, 572 нафари ўзбек, 5 нафари туркман, 63 нафари тожик ва бир нафари бошқа миллат вакилидир. Раисларнинг 619 нафари олий, 22 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Сайловларда номзодларнинг дастури билан яқиндан танишган аҳоли вакиллари 9 нафар 30, 158 нафар 31-40, 238 нафар 41-50, 215 нафар 51-60 ёшгача ва 21 нафар 60 ёшдан ошган номзодга катта ишонч билдирди.

Айни пайтда янги сайланган раислар маҳаллаларида одамларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудларни ободонлаштириш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва ёш авлод камолотига эътибор қаратиб, уларнинг тинч, фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида самарали фаолиятини бошлади. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири