Жанубда баҳор Бойсундан бошланмоқда
Сурхондарё вилоятининг тоғли Бойсун тумани адирликларида кўклам бўй кўрсатиб, борлиқ уйғонди. Бойчечак гуллади. Гарчанд ҳали осмонўпар тоғлар оппоқ қор билан қопланган бўлса-да, қир-адирлар турфа сайроқи қушлар хониши билан қалбларга ўзгача тароват бағишлай бошлади.
Ер қаъридан униб чиқаётган кийик ўти, ифор, ялпиз каби шифобахш гиёҳлар ҳиди димоқни қитиқлаб, баҳор келганидан дарак бермоқда. Дов-дарахтлар ҳам сокин янгиланиб, куртак ёзмоқда. Бу йил Сурхон кўклами Бойсундан кўриниш бериб, сўлим баҳор гўзаллигию, майин шабадасини соғинганларга пешвоз чиқмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёровнинг айтишича, шу кунларда бойсунликлар ҳаётбахш майин ёмғир, илиқ шабада ва яшил либосга бурканаётган табиат манзарасидан ўзгача завқу шавқ туймоқда. Одамлар руҳиятида янги орзу ва эзгу мақсадлар чечак очмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири