Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда 60 та маҳалла тубдан ривожлантирилмоқда
13:55 / 2026-01-21

Сурхондарё вилоятида маҳаллаларнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаб, аҳолининг тинч, тотув, тўкин яшаши учун барча замонавий шароитларни яратиш юзасидан йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилган.

Президентимизнинг 2024 йил 28 мартдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бажарилаётган йирик бунёдкорлик ишлари қишлоқ аҳоли пунктларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаб, ҳудудларни комплекс ривожлантираётгани, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари барпо этилиб, одамларнинг яшаш шароитлари яхшиланаётгани, турмуш даражаси ошаётгани билан халқимизнинг фахр туйғусини юксалтирмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида воҳанинг Ангор, Бойсун, Термиз, Музработ ва Шеробод туманларидаги 60 та маҳаллада 237 та сублойиҳа асосида ҳудудларнинг қиёфаси тубдан ўзгартирилмоқда.

Айни пайтда Шеробод туманидаги қатор маҳаллада пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, ички йўлларга асфальт ётқизилмоқда. Ичимлик сув тармоқлари янгиланиб, электр таъминоти яхшиланаётир. Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва бошқа инфратузилмаларда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

 

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 12 та маҳаллада аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти тубдан янгиланмоқда. Тумандаги Дўстлик маҳалласида лойиҳа асосида бажарилаётган ишлар ҳудуднинг муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириб ижтимоий салоҳиятини оширмоқда. Шу мақсадда маҳалла ҳудудида электр таъминотини яхшилаш учун тармоқлар реконструкция қилиниб, тўртта трансформатор ўрнатилди, 8 километр электр тармоғи янгиланаётир. Маҳалланинг асосий ва ички йўллари мукаммал таъмирланиб, асфальт ётқизилмоқда. Пиёдалар йўлакчалари қурилиб, энергия тежамкор тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. 30 километрга яқин масофага ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳолини узлуксиз сифатли оби-ҳаёт билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. 

Лойиҳа Музработ туманидаги Нурли ҳаёт маҳалласи инфратузилмасини ҳам тубдан янгилайди. Бунинг учун 3,7 километр  пиёдалар йўлакчаси қурилиб, энерготежамкор тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади. 17 километр масофадаги асосий ва ички йўл асфальтланади. 25 километр электр тармоғи таъмирланиб, 250 кВА қувватга эга 3 та трансформатор ўрнатилади. Учта автомобиллар ҳаракати учун мўлжалланган кўприк реконструкция қилинади. Ички ариққа бетон ётқизилиб, томорқаларини суғориш тизими яхшиланади. 

Шу кунларда пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Ички ариқлар бетонлашга ҳозирланмоқда. 

Ангор туманидаги Карвон ва Чинобод маҳаллаларида ҳам лойиҳа доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган бунёдкорлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Қурувчилар Карвон маҳалласининг Оқсарой кўчасида икки километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчасига бетон ётқизиб, аҳолининг туну кун хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур қулайлик яратмоқда.

Вилоятнинг Термиз ва Бойсун туманларида танлаб олинган маҳаллаларда ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари ва янги инфратузилмалар барпо этиш давом этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири