Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаннатмакон юрт учун ёниб яшамоқ керак
18:05 / 2022-08-30

Бугун осуда кунларимиз ва боладек бахтиёр заминимизга боқиб, она Ўзбекистоннинг қадди камолига беихтиёр юракнинг туб-тубидан шукроналар ёғилади. Зеро, Ватаннинг осойишта бағрида навқирон ўғлонларимиз, оқила қизларимиз бехавотир ва баркамол униб ўсмоқда.

Қалбида юрт ишқи, унга содиқлик ва муносиблик аҳдини маҳкам тутган ёш авлод ҳам шу замин, шу юрт учун юксак марраларга интилмоқда, ғалабаларга эришмоқда. Зотан, оққан дарё оқаверади. Шу ҳисларни юракдан туйган киши борки, дилдаги нидо тилга кўчади – «бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...»

Қулоқларим остида жаранглаётган «Янги Ўзбекистон», «Учинчи Ренессанс» каби жумлаларни эшитганда мамлакатнинг одил ва буюк тарихи кўз ўнгимда жонланади. Қадим 3 минг йиллик тарихидан аёнки, «эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал» тафаккури билан яшаган, доим юрагида «эрк» дея аталмиш жиловсиз туйғуни улуғлаган бу қони қайноқ халқнинг жасоратли Тўмарислари, элининг озодлиги учун жон фидо қилган Широқлари, шижоатли алплари шу заминни муқаддас билди. Жаҳонга илм не эканлигини англатган, билим зиёсини таратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Абу наср Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Абу Мансур Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломаларга бешик тебратган бу она юрт бутун дунёни маърифат билан уйғотди.

Асл баҳодирлар, Мангубердилар, дунёни қудрати билан зир титратган буюк Соҳибқиронлар, илмни куррайи заминдан фалакка олиб чиққан Мирзо Улуғбеклар, оламни «қалам билан олган» Навоийлар, Ватан қадри ва соғинчи билан яшаган Бобурларнинг ҳам қулоғига шу халқ алла айтди. Кечаги Ўзбекистоннинг бугунга юз тутиши, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан юксалиш босқичига кўтарилиши осон бўлмади. Ўтиш давридаги мураккаб ва таҳликали даврларни ёдга олар эканмиз, яқин тарихимизда содир бўлган, Туркистон ўлкасини уйқудан «уйғотиб» юбора олган миллий-озодлик ҳаракатлари ҳар бир ватандошимиз вужудини тўлқинлантиради. Мустабид тузум ичида туриб, истиқлол байроғини дадил тута олган, эрксизликка муросасиз бўлган миллий озодлик кураши бошчиларининг асл мақсади халқимиздан яширилди. Уларнинг юрт озодлиги, миллат эрки йўлида олиб борган миллий кураши, истиқлолчилик ҳаракатларига «босмачилик ҳаракати» дея ном берилиб, элимизнинг шерюрак қаҳрамонларига «босмачи» тамғаси босилди.

Миллатга озодлик, ҳурлик, мустақиллик, тараққиёт муносиб эканлигини намоён қилувчи маърифатпарвар жадидларимиз эса тарихга унутилмас сиймолар сифатида муҳрланди. Мустамлака жафосини чеккан халқимиз елкасига офтоб тегиши учун не-не кунларни бошдан кечирди. Бу воқеликлар шундан дарак берадики, Янги Ўзбекистон орзуси – кечаги истак эмас. Ўзининг чуқур илдиз томирларига эга ҳурлик стратегияси, миллат хоҳиш-иродаси ҳамиша юртдошларимиз томирида оққан қон каби жўш ургани айни ҳақиқатдир. Ҳайбатли тоғлару, қоронғи довонлар мардонавор босиб ўтилди. Муҳими, шу кунларга халқимиз ёруғ юз билан, ёруғ истиқбол билан, ёрқин натижалар билан юзлашди. Шукрки, қадам боссак, бизни елкасида кўтариб турган бу тупроқни – Ватанни илиқ тафтини, онадек суюк меҳрини ҳис этамиз ва унинг бағрида яшамоқдамиз.

Саодатли кунлар ёлқини

Баралла айтиш керакки, мустақиллик бизга ўзбекона оримиз, ҳамиятимиз, миллий номусимиз, халқимизга аждодларимизнинг азалий орзуси саналган ўзлигимизни англаш саодатини, иймон ва эътиқодимизни қайтариб берди. Истиқлол неъматига мисқоллаган меҳнат, миллионлаб қалблардан чиққан тилак, аждодларнинг қурбон бўлган эрки, гул тақдири эвазига эришган халқимизни яратган ҳам муносиб йўлбошчи билан сийлагани бугун башарият кўз ўнгида ўз ҳаётий тасдиғини топмоқда. Дунё нигоҳида кун сайин, соат сайин тараққий этиб бораётган озод ва обод Ўзбекистон – юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, бунёдкорлик йўлидаги меҳнатлари ҳамда Президентимизнинг одилона сиёсати натижасида оламшумул ютуқлар, юксак марраларга эришмоқда. Айтиш керакки, ўтган қисқа вақт ичида жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси янгиланди. Юртдошларимизнинг дунёқараши ўзгарди, улар ҳаётга катта ишонч ва умид билан қарашни ўргандилар. Одамларни рози қилиш тамойили устувор аҳамият касб этган даврда ватандошларимизнинг ҳам юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси баландлади.

Улуғ мутафаккир, давлат арбоби, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий зикр қилганидек, «Одамий эрсанг, демагин одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» сатрлари, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотлар моҳиятида акс этмоқда. Мамлакатимиз миқёсида «Халқ манфаати – ҳамма нарсадан улуғ!» деган шиор асосида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, кундан-кунга янги келинчакдек чирой очиб бораётган узоқ ва яқин шаҳар, туман ҳамда қишлоқларга боқиб, кўришимиз мумкинки бугун олис ҳудудлар ҳам фаровонлик ошёнига айланган. Бугун энг улуғ, энг азиз байрам – ўзликнинг чин тантанаси, жонажон Ўзбекистонимизнинг 31 йиллик мустақиллик тўйини нишонламоқдамиз. Бу 31 йилнинг ҳар бир куни ва дақиқаси юртимиз ҳаётига асрларга тенг ўзгаришлар, янгиланишларни олиб кирди. Айниқса, яқин ўтган йиллар юртимиз тарихида туб ўзгаришлар амалга оширилдики, ўзбек эли бугун – қадри ва қиммати улуғ, ҳуқуқ ва эркинликлари олий, меҳнати азиз халқ бўлиб бирлашди.

Доно халқимизда «Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни» деган ажойиб нақл бор. Бугун дунё билан бўйлашиб билими, тарбияси, гўзал ахлоқи билан миллионлардан ўзаётган ёшларимиз айни улар учун яратилган имкониятлар мамлакатида яшамоқда десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. «Янги Ўзбекистон»нинг асл бунёдкорлари саналмиш ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш, бу йўлда уларни қўллаб-қувватлаш, эркинликлар яратиш бугунги ислоҳотларнинг бош мезонига айланган. Бунда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги ортаётгани, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайгани, ислоҳотларда кичик авлоднинг муносиб иштироки сезилаётгани айниқса, қувонарлидир.

Шу боис, бугунги ёшлар тарбияси, уларнинг юртга садоқати, ватанпарварлиги муҳим вазифа сифатида диққат марказда турибди. Айтиш керакки, Учинчи Ренессанснинг «тўрт узвий ҳалқаси» дея эътироф этилган мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларда фаолият олиб бораётган зиёлиларнинг энг биринчи вазифаси ҳам Она Ватанга содиқ, юртпарвар, халқпарвар ёшларни тарбиялаб беришдир, аслида. Эътироф этиш керакки, яқинда юртимиз бўйлаб кенг нишонланган Ёшлар кунида фарзандларимизга бир қатор янги имтиёзлар тақдим этилди. Жумладан, мусиқа санъатига қизиқиши баланд бўлган ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги ва бахшичилик йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилиши, техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробар оширилиши, хусусий таълим муассасаларида IT технологиялари бўйича ўқиш истагини билдирган ёшларга 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилиши маълум қилинди.

Эндиликда ҳар йили олийгоҳларнинг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган 500 нафар энг фаол ёшлар етакчиларининг контракт тўловлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилиши ҳамда «Ёш раҳбар кадрлар захираси» шакллантирилиб, унинг 30 фоизи ёшлар етакчилари ҳисобидан тўлдирилиши ҳам бошқарув тизимида ёшларнинг ўрни ва аҳамиятини оширади. Шу билан бирга «Замонавий мактаб» лойиҳаси доирасида Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, қайта ислоҳ этилган профессионал таълим, кўпайиб бораётган хусусий ва хорижий олийгоҳлар бугун қанча ёшларни бағрига олмоқда. Не бахтки, уларни ҳар қадамида Президент мадади ва меҳри қўлламоқда. Иқтидорли ёшлар учун «Мард ўғлон» давлат мукофоти, «Келажак бунёдкори» медаллари, истеъдодли қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти...Буларни санайверсангиз, эътибор ва меҳрнинг адоғи йўқдай. Мамлакатни қамраб олган янгиланишлар тўлқини Ўзбекистон олий таълим тизимини ҳам кучли тизимга айлантирмоқда. Тизимда сифат ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабанинг тарбияси, ўзлаштираётган билими сифати, битирувчининг меҳнат бозорида эгаллайдиган ўрни биринчи даражага кўтарилган. Шиддат билан эгалланган бу ютуқларга қандай эришилди, деган ҳақли савол туғилади.

Асосий сабаблардан бири – таълим қонунчилигида амалга оширилган ўзгаришлар тизим тараққиёти учун катта туртки бўлди. Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, унга биноан, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат университетлар фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини ошириш, кўплаб олийгоҳларни босқичма-босқич халқаро рейтингда ТОП-1000 га киритиш, уларда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш, академик мустақиллигини таъминлаш, Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш, олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш, олийгоҳларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш йўналишларида ишлар тезкор бошланиб кетди.

Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам ўз вақтида ва ўрнида Ўзбекистоннинг 37 та олийгоҳи учун манфаатли бўлди. Чунки бозор муносабатлари шароитида эркин ва мустақил бўлган рақобат – тизимга инновация янгиликларини киритиш асосидагина мамлакатни ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлай олади. Айниқса, ушбу тизимнинг узоқ йиллар оёғига кишан бўлган иллат – коррупция илдизлари қуритиб ташланди. Республика олий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонига асосан, олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиши ҳамда амалиётга татбиқ этилиши, коррупцияга қарши курашиш «Комплаенс-назорат» тизимини жорий этилиши энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлди.

Эндиликда ҳар бир олий таълим муассасасининг коррупцион иллатларга қарши курашувчи ўз ички «органи» бор. Олийгоҳлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, олий таълим тизимида жараёнларни автоматлаштириш, бюрократик тўсиқлар юзага келишини олдини олиш ва молиявий харажатларни қисқартириш мақсадида «Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими» (HEMIS) ишлаб чиқилди, ҳужжатларни онлайн шаклда қабул қилиш, абитуриентларга бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасаси учун танловларда иштирок этиш имконияти берилди, https://imtihon.edu.uz/ платформаси жорий қилиниб, онлайн трансляция йўлга қўйилди. Талабалар ўқишини кўчириш ва тиклаш бўйича барча босқичларни очиқ амалга ошириш мақсадида аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёнлари учун махсус автоматлаштирилган онлайн дастур жорий қилинди. Айниқса, магистратура босқичига қабул жараёнлари абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилиши катта эҳтимоли бўлган коррупцион ҳолатлар илдизига болта урди.

Хусусан, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши Ўзбекистон бўйлаб қанчадан-қанча аёлларимиз, қизларимиз хонадонларини қувончга тўлдирди. Энг қувонарлиси, куни кеча Президентимиз ташаббуси билан барча олийгоҳларда қорақалпоғистонликлар учун алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этилиши эълон қилингани – жондош халқимиз ёшларига қаратилган юксак ғамхўрликни кўрсатиб берди. Ёшларимиз баҳраманд бўлаётган бундай имкониятларни кўриб, пахта даласида қолиб кетган орзу-ҳаваслар, кўсаклар устидан ёққан қор парчалари остига яширинган болалик кўз ўнгимдан ўтади.

Талабалик шарафига эришган ёшларимиз, қадрли устозларимиз таълим даргоҳига қадам қўйишдан олдин ҳозир ширин ҳаяжонда бўлсалар, бундан олти йил муқаддам қадр-қиммати мажбурий меҳнатда эгилган ўқитувчилар ўқув йили бошиданоқ пахта даласида юборилар эди. Шукрки, энди устознинг қадри баланд ва қадди тик. Бугун у ўз устида ишлаган, соҳасини мукаммал билган, шарафи улуғланган касб эгасидир. Бу ўзгаришлар албатта Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасорати, қатъияти билан амалга ошдики, бугун ҳаётимизда мажбурий меҳнат деган тушунча ўз маъносини йўқотди. Демакки, бахтли болалик, гуллаган ёшлик дамлари, фаровон ҳаёт, Ватаннинг эрки, оқил йўлбошчиси тақдирлари ўзаро туташ эканлиги – ҳақиқат. Демакки, жаннатмакон юрт бахти учун, одил халқбошига чин елкадош бўлиш учун, Ватан ишқи чўғ олган юрак зарбини ҳис этиш учун, миллат ризолиги учун куймоқ керак, ёниб яшамоқ керак.

Баҳодиржон Шермуҳаммедов,

Фарғона давлат университети ректори