French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жаннатга фақат қуш қалбли инсонлар киради” (+видео)
01:10 / 2022-06-18

Алишер Навоийнинг “Қуш тили” асаридан илҳомланган ҳолда уч йиллик ижодий жараён натижасида бунёд бўлган кулолчилик намуналари Раҳимовлар сулоласининг кўргазмасидан жой олди.

16 июнь куни Раҳимовлар сулоласи вакилларининг “Жаннатга фақат қуш қалбли инсонлар киради” номли кўргазмаси намойиш этилди. Кўргазма анъанага мувофиқ сулола вакилларининг хонадонидаги алоҳида залда ташкил этилиб, тадбир жараёнида санъатшунослар, санъат асарлари ихлосмандлари ва ОАВ ходимларининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Залдаги пештахталарда сулоланинг энг таниқли вакили Ўзбекистон миллий кулолчилигида катта из қолдирган Муҳитдин Раҳимов ҳамда унинг давомчилари бўлган уч авлод вакилининг турли йўналишдаги кулолчилик намуналари ўрин олган.

Асарларни кўздан кечириш давомида, юксак дид ва маҳорат билан ясалган кўзалар, турли ҳажмдаги идиш-товоқлар ва хумларнинг юзасида турфа ранглар билан туширилган нафис чизгилар, нақшлар, шунингдек, кўргазма рамзи сифатида бир-биридан антиқа қушларнинг турли шакл ва кўринишда ифода этилганини кўриш мумкин.

Бу эса ижодкорлар томонидан ҳар бир асар устида астойдил изланиш олиб борилганини кўрсатади. Шу билан биргаликда, кулолчилик намунасини яратиш жараёнида  устадан билим, меҳнат, сабр, изланиш ва маҳорат талаб этилади.

Демак тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, кулолчилик каби бир неча йўналишни ўзида мужассам этган ҳолда ижод намунасини мукаммал санъат асари даражасига келтира олиш эса осон иш эмас. 

Шу тариқа ижодий ёндашув билан бунёд бўлган санъат асари  томошабинни зериктирмайди ва унга чинакам эстетик завқ улаша олади.

Раҳимовлар хонадонида ташкил этилган мазкур кўргазма жараёнида томошабинлар ҳар бир асарни астойдил томоша қилишди, муаллифларни такрор-такрор саволга тутиб, ифода этилган рамзий маънолар атрофида қизғин муҳокамалар кечди.  Бу манзара эса асарлар уларда чинакам қизиқиш уйғотганини англатарди.  

Кўргазма зали деворидаги қатор осилган мана бу турли-туман қизил лой, сополдан ясалган лаганчаларнинг баъзиларида ҳеч қаерда учрамайдиган антиқа қушлар рамзи ифодаланган ва улар аксариятининг парвозга интилаётганини кўриш мумкин. Эътиборлиси ҳар бир лаганчадаги тасвирлар алоҳида фантазия ва ёндашув билан яратилган ва мазмунан бир-бирини такрорламайди.  Лаганчаларга оҳиста тегиб кўрган киши эса уларнинг ажиб ва сеҳрли куйига мафтун бўлади.  

Шу каби ноёб асарлар жамланмасидан ташкил топган кўргазмалар сони бугунгача уста-кулоллар  репертуарида сал кам 100 га яқинлашиб қолди.


Қувонарлиси, устоз-шогирдчилик анъанасининг сулола вакиллари орасида давом этиб келаётгани, шунингдек, улар томонидан бу хайрли ишда соҳага меҳр қўйган бошқа ҳамюртларимизнинг қамраб олинаётгани ушбу санъат турининг умрбоқий бўлишидан далолатдир.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jljiYXGEyn4" title="“Жаннатга фақат қуш қалбли инсонлар киради”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА