Инсон бор эканки, доим энг яқин кишисига – онасига юрагидаги борини тўкиб солади. Чин дунёга қайтган онаизорларга эса хаёлида мактублар битаверади. Мангу кетганини билса-да, бу табаррук инсон гўё ҳозир келиб қоладигандек кутаверади...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, моҳир адиба ва журналист, публицист, таржимон Дилфуза Қаршибоеванинг яқинда чоп этилган “Жаннатдаги сирдошим” деб номланган китоби ҳар биримизнинг оналарга айтар дил изҳорларимизни ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.
Китобдаги “Жаннатдаги сирдошим” номли қисса онага мактуб тарзида ифода этилгани билан ҳар қандай ўқувчининг эътиборини ўзига жалб этиши табиий. Қиссада гўдакнинг ўз волидасини йўқотиши, унинг гоҳ маҳзун, гоҳи саргузаштли болалиги, кўнгли кемтик қизалоқнинг қалб кечинмалари, камолоти жуда батафсил ифода этилгани билан аҳамиятга молик. Китобхон қиссани ўқир экан, мурғак боланинг бошига тушган булутли кунлардан кўзи ёшга тўлади. Унинг самимияти, беғуборлиги, эрка феъл-атворидан завқланади. Қатъияти, азму шижоатини олқишлайди.
Қисса шуниси билан аҳамиятлики, унда қишлоқнинг серташвиш, баъзан сокин, оддий ва айни пайтда жуда қадрдон, юракка яқин жайдари ҳаёти, унинг турфа феълли одамлари ўқувчи кўзи ўнгида яққол намоён бўлади. Айни дамда ушбу асар шўролар давридаги пахта яккаҳокимлиги, чўлни ўзлаштириш, сиёсат, мафкурадаги тазйиқлар, миллатни ўзлигидан жудо қилиш йўлидаги уринишлар, 90-йиллар аввалидаги халқимиз бошидан кечирган синовли ва мураккаб кунлар жуда содда, равон йўсинда, ҳақиқатга тик қараб ва шу билан бирга муаллифнинг ўзигагина хос бўлган гўзал бадиият билан ифода этилган. Шу билан бирга, қисса инсон баъзан ўз феъл-атворидаги унинг ўзи ҳам англаб етиши мураккаб бўлган эврилишларни акс эттиргани ҳам эътиборга молик.
Китобдан ўрин олган “Катта ариқ”, “Ёнғоқ”, “Таниш”, “Янги раҳбар”, “Тўй”, “Бешбулоқнинг боласи” каби ҳикоялар ҳам меҳр-оқибат, одамгарчилик, яхшилик инсондан қолувчи энг буюк маънавий мерос, ўчмас ном эканига ишорадек гўё.
“Бешбулоқнинг бебош боласи” номли эссе эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг Сирдарё вилояти бўйича махсус мухбири, моҳир ижодкор Шуҳрат Суяровнинг ёрқин ва порлоқ хотирасига бағишлангани билан диққатга сазовор. Эсседа ҳамкасбимизнинг наинки ижодкор, балки яхши инсон сифатида қирралари ўзига хос маҳорат билан очиб берилган.
Шунингдек, мазкур китобда Дилфуза Қаршибоеванинг Юрий Бондарев, ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби, таниқли қирғиз адиби Султон Раев, Ўзбекистонни ўз юрти деб биладиган фидойи ва заҳматкаш ёзувчи Николай Ильин қаламига мансуб эссе ва ҳикоялардан таржималарига ҳам кенг ўрин берилган.
Айтиш керакки, Дилфуза Қаршибоева Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида таваллуд топган. У Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган.
Ижодкор кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат марказида фаолият кўрсатган. Ҳозирда эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида меҳнат қилади.
Муаллифнинг “Руҳларни излайман дунёдан”, “Сирдарё мавжлари” номли тўпламларида шеърлари, ҳикоя ва эсселари чоп этилган. Шу билан бирга, унинг “Кўнмаган кўнгил” китобида ҳикоялари жамланган.
Дилфуза Қаршибоева кўп йиллардан буён миллий маънавиятимиз, миллий ўзлик, истиқлол ғояларининг фаол тарғиботчиси саналади. Ижодкор ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг мукофоти билан тақдирланган. Адиба “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибаси, “Атиргул” республика ижодий танлови ғолиби бўлган.
Назокат Усмонова, Аҳмаджон Тўраев (сурат), ЎзА