French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанговар вазиятларда ҳарбий психологларнинг роли ўрганилди
16:38 / 2025-07-10

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги “Термиз” умумқўшин дала полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат олиб бораётган ҳарбий психолог мутахассислар билан “Жанговар вазиятларда психологик таъминотни ташкиллаштириш” мавзусида ўқув-услубий йиғин ўтказилди. Тадбир ҳарбий психологиянинг жанговар ҳолатларда муҳим роль ўйнашини ва уни такомиллаштириш заруратини яна бир бор тасдиқлади. 

Уч босқичда ўтказилган йиғиннинг дастлабки кунида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари томонидан ҳарбий психологларнинг назарий машғулотлари, психологик таъминотнинг мавжуд ҳолати таҳлили, камчиликларни аниқлаш ва замонавий жанговар шароитларга мос келадиган ечимлар ишлаб чиқиш жараёнида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари таҳлил этилди. Жараёнда ҳарбий психологлар жанговар ҳолатларда стрессни бошқариш, руҳий барқарорликни сақлаш ва психологик ёрдамни самарали кўрсатиш усулларини қайта кўриб чиқди. Бу амалиётлар ҳарбий психологиянинг нафақат жанговар ҳолатларда, балки ҳарбий хизматчиларнинг кундалик тайёргарлик жараёнларида ҳам муҳимлигини амалда исботлади. 

[gallery-24256]

Йиғиннинг иккинчи ва учинчи кунлари “Термиз” дала полигонида ташкил этилган, жанговар шароитларга мослаштирилган ер ости ахлоқий-руҳий таъминот шаҳарчасида амалга оширилди. Ушбу шаҳарча ҳарбий психологларга жанговар шароитларда руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий машғулотлар ўтказишга имкон берди. Шаҳарчадаги махсус жиҳозлар ва жанговар вазиятларга яқинлаштирилган шароитлар ҳарбий хизматчилар учун руҳий стрессни енгиш, жисмоний ва руҳий изчилликни сақлашга ёрдам берувчи самарали муҳитни яратди. 

Дарҳақиқат, замонавий ҳарбий шароитларда психологик таъминотнинг роли янада ошмоқда. Жанговар ҳолатларда психологик ёрдамнинг самарали тақдим этилиши, нафақат жанговар вазиятларда, балки хавфли вазиятларга тайёрланиш, стрессни бошқариш ва жанговар руҳий ҳолатни яхшилашда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Шу билан бирга, психологик ёрдамнинг тўғри йўналтирилиши ҳарбий хизматчиларнинг психологик баркамоллигини сақлашга ёрдам беради ва уларнинг жанговар ҳолатда ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш этишига имкон яратади. 

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА