Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жангчи бобо кўксидан партия нишони ҳам жой олди
13:10 / 2021-05-06

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Навбаҳор тумани “Кўҳрон” маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бафо бобо Баҳромов хонадонида авлодлар учрашуви ташкил этилди.

Ўтганлар хотирланиб, фахрийлар йўқланиб, ҳолидан хабар олинаётган шу кунларда мазкур учрашув “Зиёрат карвони” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Учрашувда юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ёш авлодни халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш хусусида сўз борди.

Бафо бобо 96 ёшда. Бугунги дориломон кунларга етказганига шукрона келтириб, невара-ю чеваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Ёшлар билан учрашувда бобо уруш хотираларини шундай эслайди:

– Урушнинг инсоният бошига келтирган кулфатларини санаб адо этиш қийин. Орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса-да, қақшатқич жанг хотиралари дилимдан ўчмайди. Эсимда. Фронтга отланганимда ҳали йигирмага ҳам кирмагандим. Беларусь фронтида снайперчи бўлиб жанг қилдим. Жангларнинг бирида немисларнинг катта гуруҳини енгиб, уларнинг аксариятини асир олганмиз. Асирлардан олинган маълумотлар отрядимизнинг олдинга илдамлашида қўл келган. Урушдан кейин яна беш йил хизмат қилдим. Вайронага айланган юртларда талафот оқибатларини бартараф этишда иштирок этдим.

Ёшлигидан шифокор бўлишни орзу қилган Б.Баҳромов урушдан кейин Душанбе шаҳрида тиббиёт соҳасида таҳсил олди ва узоқ йиллар давомида эл саломатлигини сақлаш йўлида меҳнат қилди.

– Бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш керак, болаларим, – дейди бобо. – Президентимиз томонидан бизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Бундай эътибор умримизни янада узайтиради.

Тадбир сўнгида Бафо бобо Баҳромов партия сафига қабул қилиниб, унинг кўксидаги жанговар орден-медаллар қаторидан партия нишони ҳам ўрин олди.

Шунингдек, партия фаоллари Хатирчи туманидаги Учқора қишлоғида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – 5 май куни 101 ёшни қарши олган Бекбўта бобо Шомуротов хонадонига ҳам кўнгил сўраб борди.

– Уйимга йўқлаб келганингиздан жуда ҳам хурсанд бўлдим, катта раҳмат, – дейди самимий суҳбат чоғида Бекбўта бобо тўлқинланиб. – Энди бизнинг чекимизга шундай оғир ва даҳшатли кунларни кўриш тушган экан. Қонли жангларда шаҳид кетган қуролдош дўсту тенгқурларимни доим эслайман. Иккинчи жаҳон урушида бутун ер юзида 110 миллион нафардан ортиқ киши иштирок этган бўлса, уларнинг 60 миллиони ҳалок бўлган. Илоҳим, ҳеч қачон уруш бўлмасин. Юртимиз гуллаб-яшнайверсин.

Учрашувлар чоғида нуроний отахонларга ЎзМТДП Марказий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Абдували Бўриев, ЎзА