Кунлар бироз илий бошласа, қиш мавсумидаги қийинчиликлар чекингандай туюлади. Аслида эса бу давр доимий шайлик ва масъулиятни талаб қилади.
Бу фаслда табиат кескин ўзгарувчан бўлади. Ҳаво ҳарорати пасаяди, ёғингарчилик кўпайиши эса кутилмаганда рўй беради. Шудан пайтда ҳовли-жойлардан тортиб, шаҳарлардаги кўп қаватли уйларгача инфратузилма узлуксиз ишлаши зарур.
Ўзбекистонда ҳам жорий мавсумга тайёргарлик ана шу мантиқ асосида, изчил режа ва аниқ вазифаларга таяниб амалга оширилди. Муҳими, бу шайлик мавсум давомида сусайиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда давлатнинг катта вазифалари билан бир қаторда аҳоли, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчиларнинг масъулияти ҳам биринчи ўринга чиқади.
Мавсумга тайёргарликнинг асосий мақсади аҳолининг тинч ва хавфсиз ҳаётини таъминлашдир. Бу иссиқлик ва электр таъминотининг барқарор ишлаши билан бевосита боғлиқ. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги тегишли қарорида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, кўп квартирали уй-жойлар фондидан мавсумда узлуксиз фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Қишда кўп қаватли уйлар бўйича масъулият янада юқори бўлади. Чунки бундай турар жойларда бир вақтнинг ўзида юзлаб оилалар истиқомат қилади. Инфратузилманинг бир нуқтадаги носозлиги бутун бино ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин.
Тошкентдаги 11 минг 853 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи 358 та бошқарув сервис компанияси мавжуд. Мавсум давомида уларнинг ишини аниқ механизм асосида ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Бу техник хизмат кўрсатиш, аҳоли билан мулоқот, мурожаатларни тезкор ҳал этиш, ертўла ва том қисмларни доимий назорат қилиш каби вазифаларни ўз ичига олади.
– Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 16 декабрь куни Юнусобод туманида барпо этилган когенерация станцияси фаолияти билан танишди, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. – Шу ташриф чоғида пойтахтда куз-қиш мавсуми қандай ўтаётгани ҳақида маълумот бердик. Кўрилаётган чора-тадбирлар, қўлланилаётган замонавий техникалар юзасидан тақдимот ўтказдик. Дарҳақиқат, коммунал соҳа энг мураккаб тизимлардан бири. Унда бефарқлик ёки муаммони ўз вақтида ҳал қилмаслик аҳоли кайфиятига тез таъсир қилади. Пойтахтдаги кўп қаватли уйларда миллионлаб аҳоли яшайди. Бошқарув сервис компаниялари бугунги кунда зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган. Мавсумга тайёргарлик доирасида 187 миллиард сўм ҳисобидан 7 мингга яқин кўп қаватли уйларда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу кейинги йилларда коммунал тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги натижасидир.

Кейинги йилларда бошқарув сервис компаниялари ташкил этилгандан кейин ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгаси пайдо бўлди. Биргина Тошкентда бу ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 8 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Илгари эса бу соҳада 300 нафарга яқин киши фаолият юритар, улар ҳатто зарур техника билан ҳам тўлиқ таъминланмаган эди. Ҳозир эса компаниялар ихтиёридаги техника ва ускуналар сони мингдан ошган.
Қиш-қировли кунларда масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш муҳим. Бу фақат давлат ёки хизмат кўрсатувчи компаниялар фаолияти билан чекланмайди. Биноларнинг ички ҳолатини назорат қилиш, уйлар атрофидаги табиатни асраш, иссиқлик ва электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш бевосита аҳолига боғлиқ. Айниқса кўп қаватли уйларда қувур ва иссиқлик тизимидаги кичик камчиликларни ўз вақтида билдириш катта муаммоларнинг олдини олади.
Мавсум давомида эҳтимолий аномал совуқлар, кучли шамоллар ёки туманли кунлар юз берганда махсус хизматларни жалб этиш тартиби ҳам муҳим аҳамиятга эга. Куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш жуда муҳим. Ҳудудлар кесимида хавфларга тайёр туриш, айниқса, катта шаҳарларда транспорт, йўл ва коммунал инфратузилманинг узлуксиз ишлаши мавсум муваффақиятини белгилайди. Пойтахтда иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш, магистрал қувурларни янгилаш, йўлларни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам шу мақсадга қаратилган.
Бир сўз билан айтганда мавсумга тайёргарлик оддийгина техник вазифа эмас. Вазият жамоавий масъулият маданияти саналади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири