Навоий вилоятида “Учинчи ренессанс” нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди молиявий кўмагида “Меҳнат ҳуқуқлари кафолатини таъминлашда муносиб иштирок – жамоатчилик назорати вазифасидир” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳани самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ташаббус меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини жамоатчилик назорати орқали таъминлаш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида Қизилтепа туманидаги тикувчилик ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мониторинг ўтказилди. Жумладан, “Жиззах Тоштепа текстиль” МЧЖ филиали ҳисобланган “Тошработ текстиль” МЧЖ ҳамда “Маржона Рухшона келажаги” МЧЖ фаолияти ўрганилди.

2018 йилда ишга туширилган “Тошработ текстиль” МЧЖда дастлаб 400 га яқин иш ўрни яратилган. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотлари асосан Туркия, Россия Федерацияси ва Украина давлатларига экспорт қилинган. Кейинги йилларда Россия бозорига экспорт ҳажми қисқариши натижасида ишлаб чиқариш жараёнларида узилишлар кузатилиб, корхона фаолияти бир неча бор вақтинча тўхтатилган.
Жорий йил 17 февралдан корхона фаолияти қайта йўлга қўйилди. Айни пайтда 70 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Март ойи якунига қадар ишчилар сонини 300 нафарга етказиш режалаштирилган. Маҳсулотлар асосан Туркия орқали Германия ва бошқа Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.
Мониторинг жараёнида меҳнат шартномаларининг қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилиши, иш вақти ва дам олиш ҳуқуқларига риоя этилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат муҳофазаси талабларининг бажарилиши каби масалалар атрофлича ўрганилди. Шунингдек, ишчи-ходимлар ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, уларнинг фикр ва таклифлари кўриб чиқилди.

Корхона филиали раҳбари Улуғбек Тўрақуловнинг маълум қилишича, бир неча ой аввал туман газ таъминоти идораси ходимлари томонидан газ ҳисоблагич ускунаси носозлиги ва ноқонуний фойдаланилганлик важи билан 54 миллион сўм миқдорида жарима қўлланган.
Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертиза маркази мутахассислари томонидан газ ҳисоблагич мосламасининг тамғалари бузилмагани аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўрганишлар натижасида ишлаб чиқариш биноларида қулай меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, назорат органлари фаолиятида қонунийлик ва шаффофликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилиши режалаштирилган.
А. Бўриев, ЎзА мухбири