French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоатчилик назорати – энергетика соҳасида очиқлик ва самарадорлик гарови
14:55 / 2025-10-08

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятини очиқ ва шаффоф йўналишда йўлга қўйиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир соҳада фуқароларнинг фикри ва иштироки муҳим ўрин тутади.

Шу боис, "Ўзэнергоинспекция" ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиб, унда инспекциянинг жорий йилнинг тўққиз ойи давомидаги фаолияти натижалари ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама этилди.  

Жамоатчилик кенгаши раиси Зоир Кенжаев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июнда қабул қилинган  “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.  

Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижроси бўйича жамоатчиликка ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилгани таъкидланди. Шунингдек, 2025 йил давомида инспекция тизимида коррупцияга қарши комплаенс хизмати самарали ташкил этилгани маълум қилинди. 

Қайд этилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тавсияларига мувофиқ, инспекция томонидан ишлаб чиқилган 11 та ички меъёрий ҳужжат асосида тартибга солинган. Йиғилишда масъуллар томонидан соҳада амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлар тингланди. Кенгаш аъзолари ва ОАВ вакиллари фаол мулоҳазалар билдириб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда очиқликни таъминлаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.  

– Жамоатчилик назоратининг аҳамияти ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олишда масъулиятни ошириш давр талаби ҳисобланади. Айниқса, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш нафақат самарали бошқарувни йўлга қўйиш, балки фуқаролар ишончини мустаҳкамлашнинг ҳам асосий омилидир. Шу билан бирга, соҳада коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, бу борада ҳар бир масъул шахснинг шахсий масъулиятини ошириш муҳим. Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кенгайтириш ҳамда фуқаролар иштирокини таъминлаш эса давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлайди, – деди З.Кенжаев.

Тадбир якунида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Таъкидландики, жамоатчилик фикри ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг очиқ ва натижавий бўлишига хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА