Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Давлат органлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашларининг фаолиятини ўрганиш якунлари юзасидан семинар ўтказилди. Унда депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда қайд этилганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат ва жамият ўртасида таъсирчан ҳамда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам механизмларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида 2018 йил 4 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор ҳукуматнинг аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришида янги самарали восита ва механизмларни ишга туширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳар бир давлат органи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.
Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг долзарблиги, кенгашларнинг иш режалари ижроси ва халқимиз ҳаётини яхшилашдаги аҳамиятини парламентда муҳокама қилиш ҳамда шу асосида зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш депутатлар зиммасидаги асосий вазифалардан саналади. Шу мақсадда семинар давомида давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишларга оид таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг ва таҳлил қилиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда социологик сўровлар ўтказиш масалалари таҳлил этилди. Давлат органи фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Давлат органларининг фуқаролар билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришида янги самарали воситалар ва механизмлар жорий этилишига ҳамда шаффофликни таъминлашга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот шаклида ўтказилган семинарда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг давлат органи томонидан ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашдаги ва парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамкорлик ўрнатишдаги ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди, депутатларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА