Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам кафолати
13:04 / 2022-12-08

Конституция дунё сиёсий харитасида янги суверен демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси қарор топганлигини қонунийлаштирди. Бутун жаҳон аҳлига халқимизнинг хоҳиш-иродаси баён қилиниб, унда ўзбек давлатчилигини замонавий маърифий асосларда қайта тиклаш, тинч-тотув яшаш ва тинчликни мустаҳкамлаш, демократияни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқ қолиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар осойишталиги ҳамда миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш каби олийжаноб ниятлар эълон қилинди. Бир сўз билан айтганда, Конституция олий даражадаги қонун сифатида давлатнинг қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини, маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлаб берди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, тинчлик ва осойишталикка таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини «Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда. Қолаверса, дунёда юз бераётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан алоҳида мамлакат мисолида давлат суверенитетини сақлаш ва унинг миллий хавфсизлигини комплекс таъминлаш орқали аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун тизимли чоралар кўриш масалалари долзарблигича қолмоқда. 

Жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги фаолиятни тартибга солувчи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг поғонали мутаносиблигига мувофиқ қонунчилик тизимида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устувор аҳамият касб этади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатнинг бош қомуси, асосий қонуни сифатида миллий қонунчилик, шу жумладан жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ривожланиши, тизимлаштирилиши учун муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Конституциямизнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим аҳамияти ҳақида тўхталар эканмиз, унинг 3, 25, 57 ва 125-моддаларида ҳар бир шахснинг дахлсизлиги, мамлакатимиз чегара ва ҳудудларининг дахлсизлиги, конституциявий тузумнинг ҳимоя қилиниши ҳамда Қуролли Кучларнинг аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги ҳамда мудофаа салоҳиятига кўмаклашиш билан боғлиқ нормалар белгилаб қўйилганини таъкидлаш жоиз. Конституциядаги реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат ва эпидемиялар билан боғлиқ фавқулодда вазият юзага келганда, давлат раҳбарининг қарори билан мамлакатнинг бутун ҳудуди ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилиши конституциявий мустаҳкамланган.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ҳуқуқий таъминлашни ўзида мужассам этган қонун ҳужжатлари тизимида конституциявий нормалар ўзига яраша алоҳида ўрин ва аҳамият касб этиб, қуйидагиларда намоён бўлади: Биринчидан, Конституциянинг Асосий қонун сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимидаги устувор ўрин эгаллаши, авваламбор, Конституциямизнинг ўзида, хусусан, унинг 15-моддасидаги Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши ҳамда 16-моддаси иккинчи қисмидаги бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида мазмунидан келиб чиқади.

Иккинчидан, бутун қонун ҳужжатлари, шу жумладан ҳарбий қонун ҳужжатлари шаклланишида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муҳим аҳамиятга эга.

Учинчидан, тизимлаштириш, шу жумладан, кодификациялаш натижасида янги қонун ҳужжати яратилиши кўзда тутиладиган бўлса, у конституциявий талабларни кафолатлашга қаратилган нормаларни қамраб олиши лозим бўлади. Яъни, “ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти Конституцияни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.

Тўртинчидан, жамият ривожланиб борар экан, турли янги ижтимоий муносабатлар шаклланиши билан бирга қонунлар ҳам, хусусан, Конституция ҳам такомиллашиб боради. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижтимоий давлат принципидан келиб чиқиб ислоҳ қилинмоқда. Ушбу ислоҳотларда том маънода Бош қомусимизга халқимиз ташаббуси ва таклифлари асосида жуда катта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари берилган 93-моддасининг 19-бандида акс этган бўлиб, унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритиши мумкин. Ваҳоланки, ушбу норма жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳолатларда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция доирасида ўз ваколатларини амалга оширишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги асосий махсус қоидалари ҳам мустаҳкамланган.  Хусусан, 3, 33, 35, 43, 57, 64, 70, 78, 93, 98, 125 ва 126-моддалари мазмунида келтириб ўтилган. Масалан, давлат чегараси ва ҳудудининг дахлсизлиги (3-модда), фуқароларнинг митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш билан боғлиқ сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш (33-модда), ҳар бир шахснинг ваколатли давлат органига мурожаат қилиши ҳамда уларнинг мурожаатлари қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши (35-модда), давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши (43-модда), конституциявий тузумни ҳимоя қилиш (57-модда), Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилиши (70-модда) кабилар шулар жумласидандир.

Конституциямизнинг 125-моддаси иккинчи қисмига асосан “Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади”. Яъни давлатнинг энг муҳим фаолиятига кирувчи ҳарбий қурилиш соҳаси қонун билан тартибга солиниши туфайли мудофаани ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг бошқаруви жамоатчилик назоратида бўлиши таъминланади. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини ўзида мужассам этган, демократик Конституция эканлигини яна бир бор кўрсатади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳарбий ҳуқуқнинг энг муҳим манбаси ҳисобланади.

Фикримизча, конституциявий нормаларининг қисқача таҳлили Конституцияда жамоат хавфсизлигини таъминлашда инсон, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда янада аниқлаштириш ҳамда қонунни қўллаш маданиятининг барқарор ривожланишига имкон беради, деб ҳисоблаймиз.

 

Гўзалхон Нурмуҳаммедова,

 Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети

Жиноий-ҳуқуқий фанлар кафедраси доценти, ю.ф.ф.д. (PhD)