English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш янги босқичга кўтарилади
10:42 / 2021-12-07

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Бош қомусимизда давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланган.  

Жамиятда осойишталикни таъминлаш, барча фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга оширишига шароит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ушбу конституциявий кафолатнинг амалда таъминланаётгани ифодасидир.  
 
Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган   
“Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ушбу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.  

Мазкур фармон билан Жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда  2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилди.

Мазкур департамент қандай ишларни амалга оширади? Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Бекмурод АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашдик.  

- Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилди, - дейди Бекмурод Абдуллаев. - Департаментнинг асосий вазифаларига тўхталадиган бўлсак, мазкур тузилма ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш каби ишларни амалга оширади. Жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўради.  

Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этади.  

Вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади.  

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил  
этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилади.  

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этади.  

Жамоат тартибини оммавий бузиш ҳолатларида ваколатли идораларнинг фаолиятини умумий мувофиқлаштириш вазифаси айнан Департамент зиммасига юклатилди. Унинг қошида ягона идоралараро бошқарув штаби ташкил этилмоқда.  

- Криминоген вазият бўйича маҳаллалар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилар экан. Бунинг аҳамияти қандай?  

- Ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш фаолиятининг самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди.  Хусусан, криминоген вазият ҳақидаги маълумотларни маҳаллалар кесимида таҳлил қилиш электрон тизими яратилиб, ҳудудларни автоматик равишда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиш тартиби жорий этилмоқда.

Ҳозирда жиноятларни маҳалла кесимида автоматик ҳисоблаш тизими мавжуд эмас ва бу борадаги ишлар эскича услубда, қўлда бажарилади.  

Ҳудуддаги секторлар раҳбарларининг жиноятларга қарши курашиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш механизмлари ҳам белгилаб берилмоқда. Унга кўра, сектор раҳбарлари “яшил” тоифадаги маҳаллаларда амалга оширилган ишларни бевосита ўрганиб чиқиши ҳамда ижобий иш услублари, амалга оширган тадбирларни секторнинг “сариқ” ва “қизил” тоифадаги маҳаллаларида оммалаштириш чораларини кўради. Бунда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахслар билан олиб борилаётган ишлар, аҳолининг бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш тадбирларининг самарали ташкил этилишига эътибор қаратилади.
Демак, белгиланган маълум ранглар орқали ҳудудлардаги вазиятни билиш, уларни яхши томонга ўзгартириш учун чоралар олиб бориш имкони яратилади.  

- Ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари халқ олдида ҳисоб беради. Бу қандай амалга оширилади?  

- Халқ олдида ҳисоб бериш амалиёти ҳар бир соҳанинг ўз вазифасига янада масъулият билан ёндашишига хизмат қилади.  
Эндидиликда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериб боради.  

Шунингдек, мазкур йўналишда кўрилаётган чораларнинг натижаларини танқидий муҳокама қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилади. 
Бу амалиёт камчиликларни рўй-рост муҳокама қилиш, натижада  уларни бартараф этишга ҳаракат қилишга йўл очади.  

- “Равон йўл” ва “Йўл – пиёда учун” тамойилларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.  

- 2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясида илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда йўл ҳаракатини ташкил этишда ваколатли давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг фаолиятини ва ўзаро ҳамкорлигини “Равон йўл” тамойили асосида ташкил этиш, мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ваколатлари доирасини аниқ белгилашни назарда тутган ҳолда, ушбу соҳадаги муносабатларни тўғридан-тўғри қонун нормалари билан тартибга солиш, “Йўл – пиёда учун” тамойилини кенг жорий этиш белгиланган.  

Бундан ташқари, транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этиладиган “йўлда безорилик” ҳолатлари билан ифодаланадиган хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимига ва йўл инфратузилмасини такомиллаштириш жараёнига жорий этиш, “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида умумтаълим муассасаларида “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича ўқув тадбирларини ташкил этиш, умумтаълим муассасаларида “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари”ни, маҳаллаларда “Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари”ни ташкил этиш назарда тутилган.  

Демак, белгиланган муддатда ушбу тамойиллар ҳаётга жорий этилади. Бу, албатта, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, фуқаролар, айниқса ёшларда йўл қоидаларига нисбатан ҳурмат ва, ўз навбатида, интизом шаклланишига замин яратади.  

- Интернетда жамоат хавфсизлиги қандай таъминланади?  

- Интернет орқали хавфсизликка таҳдид туғдириш ҳолатлари авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу йўналишни тартибга солиш учун ҳам Интернетда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлга қўйилмоқда.   
Бу 2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилди.  

Шу асосда оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ваколатли давлат органлари ходимларини обрўсизлантириш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам беришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади.  

Интернет тармоғида жамоат хавфсизлиги учун хавф туғдирадиган таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш бўйича комплекс ташкилий-методик асослар ва ҳаракатлар механизмлари яратилади.  

- Вояга етмаган ва ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими қандай бўлади?  

- Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси асосида ота-онаси назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларда яшаётган вояга етмаганлар билан ишлашнинг янгича тизими яратилади.   
Кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солиш, шу жумладан, уларнинг ёшлар томонидан нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши ҳолатларининг олдини олиш механизмлари такомиллаштирилади.
Ички ишлар органлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди органларнинг маҳаллалар кесимида уюшмаган ёшлар билан ишлашини ташкил этиш бўйича ўзаро боғланган тўлиқ механизмлар жорий этилади.  

- Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолияти рақамлаштирилиши аҳамияти ҳақида тўхталсагиз.  

- Рақамлаштириш бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларга кириб бораётган замонвий қулайликдир. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида ҳам бу тўлиқ жорий этилади.  

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қоғоз шаклидаги иш юритишни максимал даражада қисқартириб, фақат электрон шаклда юритиладиган ҳужжатлар улуши 90 фоизга етказилади.  

Фуқароларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар масалалари бўйича ортиқча овора бўлишининг олдини олиш, соҳа ходимларининг вақтини тежаш, ўз вақтида ва тезкорлик билан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида маъмурий иш юритув тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.  

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда “Равон ва хавфсиз йўл” концепцияси асосида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.  
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тирбандликларни масофадан туриб бартараф этиш мақсадида йўллардаги барча светофорларнинг ахборот бошқаруви тизимига уланиши таъминланади. Соҳага интеллектуал тизимлар кенг жорий этилади.  

Давлатимиз раҳбарининг янги фармонида жамоат хавфсизлиги соҳасини бутунлай янги босқичга кўтаришга қаратилган, халқаро стандартлардан келиб жуда катта режалар белгилаб берилди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси бирдан эмас, балки 2022-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий этилади. Стратегияда кўзда тутилган янги мехназмлар жамоат хавфсизлиги соҳасини бутунлай янгилаб, халқимизнинг осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.  
     
 

ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.