Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала
15:11 / 2026-01-26

Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокимлигида вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари А.Пўлатов раҳбарлигида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш Президентнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Таъкидланганидек, 2025 йил 3 январда қабул қилинган қарор ижроси натижалари чуқур таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, жиноятчиликка қарши курашишда тизимли, аниқ ва комплекс ёндашувни янада кучайтиришни назарда тутади.

Шунингдек, семинар доирасида ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа сифатида белгилаган ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш, оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асл сабабларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш, ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатлари ва фуқароларнинг мурожаатларига тезкор ҳамда самарали муносабат билдириш орқали аҳоли розилигига эришиш, криминоген вазиятни мунтазам таҳлил қилиш ҳамда “маҳаллабай” манзилли назорат тадбирларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида туманда криминоген вазияти нисбатан оғир ҳисобланган маҳаллалар, жумладан, Қалмақон, Мирзоқул, Мингчинор, Тезгузар, Бобоҳайдар ва Тинчлик маҳаллалари кесимида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, қарорлар ижросини таъминлаш борасида масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Мазкур йиғилиш маҳаллаларда ҳақиқий хавфсиз муҳит яратиш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда янги, самарали ишлаш тизимини жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.