Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш — муҳим масала
13:59 / 2023-02-09

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Миллий гвардия органлари томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда депутатлар, Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчи ва курсантлари иштирок этди.

 — Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди қўмита раиси Э.Салихов. — Бунинг натижасида Миллий гвардия органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ўрни ва роли мустаҳкамланиб бормоқда. 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш устувор мақсадлар сифатида белгиланган. Бу борадаги мақсад-вазифалар соҳадаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади. 


 
Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибини, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш ва танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Давра суҳбати иштирокчиларига Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ тизимини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш каби йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 


 
Бундан ташқари, депутатлар Миллий гвардия органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ўрни ва роли, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида рўй берган ўзгаришлар ҳақида университет ўқитувчи ва курсантлари билан фикр алмашди, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. 
 
Давра суҳбатидан сўнг Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчи ва курсантлари Қонунчилик палатасининг музейи ҳамда кутубхона фаолияти билан ҳам танишди. 

М.Комилова, 
ЎзА