Навоий вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг тинч, осуда ҳаётини кафолатлашни янада ошириш мақсадида махсус ўқув-семинари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепцияси билан масъул идоралар ва муассасалар учун “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” устувор вазифа этиб белгиланган.

Бунда Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Вилоят Прокуратура, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари раҳбарлари, Маҳалла уюшмаси масъуллари, шаҳар-туман ҳокимлари, маҳалла еттиликлари иштирок этган тадбирда мазкур қарор мазмун-моҳияти, белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишда хавфсиз йўлак ҳамда хавфсиз кўчаларни барпо этиш лозимлиги таъкидланди.

Семинарда соҳа мутахассислари томонидан юзни таниб олувчи ва давлат рақамини аниқловчи кузатув камералари, ташвиш тугмалари, ақлли домофон каби бир қанча махсус қурилмаларнинг ишлаш тартиби, вазифаси ва ўзига хос хусусияти, уларни ўрнатишда аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида маълумотлар берилди.
Семинар иштирокчилари Кармана туманининг Мирсаид Баҳром ва Алишер Навоий маҳаллаларида ташкил этилган хавфсиз кўча ҳамда хавфсиз йўлаклар билан танишиб, уларда ўрнатилган замонавий хавфсизлик қурилмаларининг натижадорлигининг гувоҳи бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, 2024 йилда вилоятдаги мавжуд 330 та маҳалланинг 111 тасида ёки 34 фоизида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони Зарафшон шаҳар, Қизилтепа, Томди, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида камайган.
Тадбир давомида иштирокчилар вилоят ИИБда ташкил этилган вазиятлар маркази фаолияти билан танишди. Унда мутахассислар томонидан “Қалқон” платформаси ва унинг жиноят, ҳуқуқбузарликларни олдини олишдаги аҳамияти ҳамда ўрни хусусида тўхталиб ўтди.

Вилоятда куч-воситаларни масофадан туриб бошқариш имконини берувчи “Қалқон” платформаси вилоят ИИБнинг “Ситуацион маркази”га интеграция қилинган. Ҳозирги кунда Ғозғон ва Зарафшон шаҳарлари ҳудудларига замонавий камералар ўрнатилиб, “Ситуацион марказ”лари хизмат кўрсатмоқда. Кармана ҳамда Хатирчи туманлари ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмалари ташкил қилинган.

Маҳаллада ишловчи профилактика инспекторлари фаолияти рақамлаштирилиб, уларнинг барчаси планшет қурилмалари билан таъминланган.
Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур семинар ҳудудларда давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири