Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат хавфсизлиги доимий назоратда
19:51 / 2025-06-21

Сирдарё вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги қарори ва унга асосан тасдиқланган “Йўл харитаси” муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, ҳозиргача вилоятда 264 та “Намунавий хавфсиз кўча” лойиҳаси амалга оширилган. Шунингдек, аҳоли гавжум ҳудудларда режалаштирилган 1000 та видеокузатув камерасининг 94 фоизи – яъни 940 таси ўрнатилган. Техник қўриқлаш бўйича 1300 та объектдан 1256 тасида хавфсизлик тизими жорий этилган. Инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, 500 та замонавий домофондан 484 таси ўрнатилган, 200 та маҳаллада жорий қилиниши белгиланган юз ва авторақамни таниш тизимларидан 195 таси ишга туширилган. Мактаблар, кўп қаватли уйлар, спорт майдонлари ва жамоат жойлари замонавий видеокузатув воситалари билан таъминланмоқда.

Йиғилишда мавжуд камчиликлар ҳам қайд этилди. Жумладан, айрим ташкилотлар амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотларни ягона Платформага киритмаётгани сабабли ишнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигида нуқсонлар кузатилмоқда. Хусусан, Сайхунобод туманида мактаблардаги очиқ спорт майдонларига ўрнатилиши керак бўлган 3 та видеокузатув камерасидан ҳали бирортаси ўрнатилмаган. Ховос туманида эса кўп қаватли уйларга жорий этилиши лозим бўлган 50 та домофондан фақат 34 таси ўрнатилган.

Йиғилиш якунида аниқ муддат ва масъуллар кесимида топшириқлар берилди. Вилоят раҳбарияти томонидан назорат кучайтирилиши, ҳар бир масъул шахсдан шахсий жавобгарлик қатъий талаб этилиши таъкидланди.  

Ғулом Примов,  

Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари