Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсилигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги Ҳукумат қарорларини тизимлаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасаларнинг мансабдор шахслари томонидан расмий огоҳлантиришни чиқариш тартиби тўғрисидаги низом;
Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларнинг шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан, планшет орқали аниқлаш, шунингдек, патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимларининг фуқаролар билан ўзаро мулоқотини қайд этиб бориш тартибини белгилайди. Ходимлар томонидан жамоат жойларида фуқаролар шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан, планшетлар орқали аниқлаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга оширишда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилайди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасаларнинг мансабдор шахслари томонидан расмий огоҳлантиришни чиқариш тартиби тўғрисидаги низом ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасаларнинг мансабдор шахслари томонидан расмий огоҳлантиришни чиқариш тартибини белгилайди. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини, шунингдек, пробация назоратидаги шахс томонидан алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) риоя этилишини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкотестер ёрдамида алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартибини белгилайди.
Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлиб, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган ёки қаердалигини аниқ англаб етмайдиган шахсларни (алкоголь ва бошқа психоактив моддалардан оғир заҳарланиш (ҳушсиз, кома) ҳолатлари бундан мустасно) ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига етказиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.
ЎзА