Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоат фонди: йил сарҳисоби ва истиқбол
18:16 / 2022-02-01

Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Йиғилишни ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг раиси, сенатор Абира Ҳусейнова бошқарди.

Дастлаб йиғилганлар   халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2022 йил 21 январдаги «Халқ депутатлари  вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг янгиланган таркиби тўғрисида» ги қарори билан таништирилди. Йиғилишда вилоят жамоат фонди томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жамоат фондининг 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» ни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. 

[gallery-5626]

Таъкидланишича, Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги фармони билан тасдиқланган «2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2021 йилда амалга ошириш «Йўл харитаси»нинг тегишли бандларида ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан тақдим этилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Ана шу вазифалар ижроси доирасида 2021 йилда вилоятда муайян ишлар амалга оширилган. 

– Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан, фондимизга маҳаллий бюджет ҳисобидан жорий йилда 1 миллиард 167,8 миллион сўм маблағ ажратилди, – дейди халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди бош мутахассиси Мунира Садуллаева. – Ушбу маблағдан 1 миллиард сўм миқдордаги маблағ Давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари учун грант кўринишида ажратилиши белгиланган. 

Ижтимоий шериклик комиссиясининг қарорига асосан давлат ижтимоий буюртмаси ҳамда 1- ва 2-грант танловлари мавзулари эълон қилиниб, тақдим этилган лойиҳалар комиссия аъзолари томонидан тегишли тартибда кўрилган. Ушбу танловларга 20 га яқин ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларидан лойиҳалар қабул қилинган.  Жумладан, «Оилавий ва маиший зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга ошириш» мавзусида ўтказилган давлат ижтимоий буюртмаси танловлари бўйича 1 та лойиҳа 100 миллион сўмга қўллаб-қувватланган.  

Шунингдек, «Вилоят ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ўзаро алоқаси ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш,  Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг азалий миллий анъаналари, урф-одатлари ва удумларини сақлаш ва ривожлантириш бўйича маданият ва санъат соҳасида тарихий анъаналарни тиклаш ҳамда кенг тарғиб қилиш шу билан бир қаторда ёшлар онгида ватанпарварлик тамойилларини сингдиришга қаратилган саҳнавий талқинлар, композицион томоша ва роликлар яратиш» мавзусида ўтказилган давлат ижтимоий буюртмаси танловлари бўйича 1 та лойиҳа 98 миллион 326 минг сўмга қўллаб-қувватланган. Вилоятда мавжуд 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотларига амалий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Уларга эълон қилинган танловларда фаол иштирок этиш учун амалий ёрдам берилган. Лойиҳаларни ёзишда маҳорат дарслари ўтилган. 

Йиғилишда Жамоат фондининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича тафтиш комиссияси ҳисоботи тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.  


Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА