Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамиятни умумий мақсадлар атрофида жипслаштиришга қаратилган даъват
14:27 / 2025-12-27

Муносабат

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида мамлакатимиз қўлга киритган улкан натижалар эътироф этилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Мазкур дастуриламал Мурожаатноманинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева ЎзА мухбирига ўз муносабатини баён қилди:

— Жаҳондаги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар кучайиб бораётган, ислоҳотлар эса қатъият ва аниқликни талаб қилаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мамлакат тараққиёти учун муҳим сиёсий воқеа сифатида янгради.

Мазкур Мурожаатнома фақат ўтган йил сарҳисоби эмас, балки давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифаларга аниқ жавоб, келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи стратегик йўл харитаси бўлди. Унда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий фаровонликни юксалтириш, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва ташқи сиёсатда изчилликни сақлашга қаратилган устувор мақсадлар мужассам этилди.

Президент Мурожаатномасида 2025 йилда мамлакат иқтисодий кўрсаткичларида муҳим ва рекорд натижалар қайд этилгани таъкидланди. Жумладан, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) илк бор 145 миллиард АҚШ долларидан ошди, экспорт ҳажми сезиларли даражада ўсди.

Шу билан бирга, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 715 мингга яқин хонадон ичимлик суви билан таъминланди, инфратузилмани яхшилаш бўйича кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Давлат раҳбари нутқида мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий мақсадлари ҳам аниқ белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард АҚШ долларидан ошириш мақсади қўйилиб, бу янги ривожланиш босқичига ўтиш йўлида муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланди.

Мурожаатномада ташқи сиёсат масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги глобал геосиёсий вазиятда Ўзбекистон барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни мустаҳкамлаш сиёсатини изчил давом эттириши таъкидланди. Яқин қўшни давлатлар билан дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, экология ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Шунингдек, Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома мамлакат тараққиётида янги босқичга қадам қўйилаётганини яққол намоён этди. Унда белгиланган мақсад ва вазифалар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳани изчил ривожлантириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Мурожаатнома давлат органлари учун аниқ амалий вазифаларни белгилаб берган дастурий ҳужжат бўлиш баробарида, жамиятни умумий мақсадлар атрофида жипслаштиришга хизмат қилади. Унда илгари сурилган устувор йўналишлар мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилиши, ислоҳотларнинг изчил ва ортга қайтмас тус олиши учун мустаҳкам асос яратади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА