Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамиятда тенглик ва инклюзивликни таъминловчи конституциявий меъёр
11:34 / 2025-12-08

Бугунги кунда жамиятда инсон қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқарога тенг имконият яратиш масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, меҳнатга лаёқатсиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қўллаб-қувватлаш масаласи алоҳида эътиборда.

Конституциянинг 57-моддаси ана шундай олий мақсадни ўзида мужассам этган бўлиб, ушбу тоифадаги фуқаролар ҳуқуқлари давлат томонидан мустаҳкам ҳимоя қилиниши, уларнинг ҳаёт сифати ва имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ кафолатларни белгилаб беради.

Модданинг биринчи қисмида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий жиҳатдан бошқа тоифаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Бу — давлат ушбу тоифаларга нисбатан доимий, кафолатли ва тизимли қўллаб-қувватлашни амалга оширишга мажбур эканини англатади. Яъни, уларнинг хавфсизлиги, муносиб ҳаёт шароити ва ҳуқуқий муҳофазаси давлат зиммасида.

Модданинг иккинчи қисмида давлатнинг вазифалари яна ҳам аниқлаштирилади.

Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини ошириш, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Бу орқали давлат ижтимоий ёрдамни фақат моддий кўмак сифатида эмас, балки инсоннинг ўз ҳаётини мустақил қуришига имкон берадиган кенг қамровли тизим сифатида кўради. 

Учинчи қисмида эса ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳаётнинг барча соҳаларида тенг имконият яратиш масаласи алоҳида таъкидланади.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди. Буларнинг барчаси ҳақиқий инклюзив жамиятни барпо этишни англатади. 

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат ташкилотларига ишга қабул қилиш амалиёти ана шу модданинг амалдаги ифодасидир. Бу жараён уларнинг бошқалар каби тенг ҳуқуқли эканини, қобилияти ва меҳнати жисмоний имкониятдан устун тура олишини исботлайди. Шу билан бирга, жамиятда инсон қадри ва тенглик тамойилларининг кучайиб боришига катта ёрдам беради.

Нигора Раҳмонова, ЎзА