English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамиятда ижтимоий адолат таъминланишида аёл судьялар ва журналистларнинг ўзига яраша ўрни бор
18:15 / 2023-06-27

“Гендер тенглик фаоли – 2022" миллий танловининг “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи” номинациясида Судьялар олий кенгаши ғолиб деб топилди.

Олий Мажлис Сенати ҳамда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган танловдан мақсад ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантиришдир.

Судьялар олий кенгаши тизимда гендер тенгликни таъминлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Натижада қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишда аёл судьяларнинг сони, ўрни ва иштироки кенгайиб бормоқда.  

2019 йилда тизимда 146 нафар аёл судья фаолият кўрсатган бўлса, жорий йилга келиб, уларнинг сони 183 нафарни ташкил этмоқда. Аёл судьяларнинг 78 нафари 5 йил, 88 нафари 10 йил ҳамда 8 нафари муддатсиз даврга тайинланган ва сайланган.

Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади.

Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилади.  

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган уч йил давомида судьялар олий мактабини жами 287 нафар тингловчи битирган бўлса, уларнинг 62 нафарини хотин-қиз ташкил этди.

Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига тайёрлаш курсларига 2023-2024 йил ўқув йилида эса хотин-қизларга алоҳида квота ажратилди.

Шунингдек, Судьялар олий мактабида илмий фаолият олиб бораётган 20 нафар тадқиқотчининг 8 нафари хотин-қизлардир.

“Ибратли судья” мукофоти ҳамда “Суд фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар орасида аёл судьяларнинг сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Яна бир эътиборли воқелик – Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби таркибида алоҳида “Аёл судьялар жамоаси” фаолият кўрсатмоқда.  

Судьялар олий кенгаши халқаро ҳамкорлар билан бирга турли мавзуларда тадбирлар, семинар-тренинглар ўтказмоқда. Марокаш қироллигида бўлиб ўтган Халқаро аёл судьялар ассоциациясининг XVI конференциясида ўзбекистонлик уч нафар судья иштирок этди.  

Тадбир доирасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ фаол журналистлар тақдирланди. Юқорида қайд этилганидек, жамиятда ижтимоий адолат қарор топишида журналистларнинг ҳам ўрни катта.  

Н.Абдураимова, ЎзА