Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамият тараққиёти фаолликдан бошланади
23:29 / 2025-12-29

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида янги йилга “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб ном бериш таклифи якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Бу аввало маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига берилган юксак баҳодир.

Маҳалла азалдан миллий қадриятлар бешиги, жамият барқарорлигининг таянчи бўлиб келган. Ватан остонадан бошланганидек, маҳалланинг ривожи ҳам мамлакат тараққиётининг пойдеворидир. Шу маънода, Мурожаатнома жамиятнинг барча бўғинлари учун аниқ йўл харитаси вазифасини ўтамоқда.

Мурожаатномада сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва келгуси устувор вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, олий таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки иқтисодиётнинг барқарор ривожи юқори интеллектуал салоҳиятга эга кадрлар билан бевосита боғлиқ.

Президентимиз томонидан Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли Абуда университети бошқарувига бериш, шунингдек, Япониянинг Сукуба миллий университети билан ҳамкорликда янги олий таълим муассасаси ташкил этиш ҳақидаги қарорлар олий таълимда халқаро ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Бу эса илм-фан ва инновациялар соҳасида глобал интеграцияни янада чуқурлаштиради.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Қарши давлат техника университети Абуда университети билан кўп йиллик самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Академик алмашинувлар, қўшма илмий лойиҳалар, халқаро анжуманлар бунга яққол мисолдир. Хусусан, 2025 йил ноябрь ойида ўтказилган VII халқаро конференцияда университетимиз ташкилий қўмита аъзолари сафидан ўрин олгани ҳамкорликнинг амалий самарасини кўрсатади.

Мурожаатномада битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Олийгоҳлар ва иш берувчилар ўртасида рақамли экотизим яратилиши таълим натижадорлигини ошириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция омилларини бартараф этишга хизмат қилади. Бу тизим орқали талабалар ўз имкониятларини, иш берувчилар эса малакали кадрларни тез ва аниқ топиши мумкин бўлади.

Рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш бугунги кун талаби. Шу боис таълим дастурларини жаҳон стандартлари асосида такомиллаштириш, замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш ишлари янада кучайтирилмоқда. Бу борада Қарши давлат техника университетининг Янги Ўзбекистон университети ҳамда Губкин номидаги университетнинг Тошкент филиали билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янги йилга берилган номнинг ўзиёқ маҳалланинг ислоҳотлар марказига айланаётганидан далолат беради. Аниқ режа ва манзилли дастурлар натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражасининг сезиларли камайгани бунинг яққол исботидир.

Ушбу йўналишда университетимиз профессор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этмоқда. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида қатор маҳаллаларда илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш, “яшил” лойиҳаларни жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, IT, финтех ва сунъий интеллект соҳаларидаги стартаплар учун яратилаётган имкониятлар ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлашда муҳим омилдир. Университетимизда ҳам ушбу йўналишларда қатор инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Бу эса таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг ёрқин намунасидир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мурожаатнома жамият ҳаётидаги барча устувор йўналишларни қамраб олган, аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берган муҳим дастурий ҳужжатдир. Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла ривожланса – мамлакат юксалади. Бу йўлда ҳар биримизнинг масъулиятимиз, фидойилигимиз ва меҳнатимиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Юрт равнақига ҳисса қўшиш – нафақат бурч, балки шарафдир. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, олдимизга қўйган улкан мақсадларга, албатта, етамиз.

Шерзод Неъматов,

Қарши давлат техника университети ректори.

ЎзА