Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамият таълим тизимидаги ҳақиқий ислоҳотларга катта эҳтиёж сезмоқда
10:16 / 2024-02-06

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча ўтказилган йиғилишда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга эътибор қаратилиб, мазкур тизимлардаги  камчиликлар кескин танқид қилинди.  

Тизимга катта маблағлар ажратилаётганига қарамай, таълимда сифат кўрсаткичлар ҳамон яхши эмаслиги таъкидланди. Масалан, жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган.  

Лекин, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди. Ёки илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда “харажат – тадқиқот – маҳсулот” деган формула ишламаётгани қайд этилди.  

Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари жуда оғриқли масалаларга эътибор қаратиб, муаммоларни рўй-рост кўрсатиб берди. Таълим тизимидаги ҳақиқий ислоҳотларга жамият катта эҳтиёж сезмоқда.  

Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 11 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам сифатли таълим масаласи кўтарилган.  

Хусусан, ҳужжатда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим тизимини ташкил этиш асосий ғоялардан бири этиб белгиланган. Мазкур ғоя стратегиянинг асосий мақсадларидан бири бўлган соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш билан ўзаро ҳамоҳанг тарзда амалга оширилиши белгиланган.    

Стратегияда 2030 йилгача эришиладиган биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш кўзда тутилган. Стратегияда 2030 йилгача таълим тизими ислоҳотларини ўтказишга оид жами 12 та банддан иборат вазифалар белгилаб олинди. Мазкур ислоҳотларнинг 1 таси мактабгача таълим тизимига, 4 таси умумий ўрта таълимни ривожлантиришга,  биттаси профессионал таълим тизимига, қолган 6 таси олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимига тааллуқлидир.  

Профессионал таълим тизимини ривожлантиришда  ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш вазифаси кўзда тутилган. Масалан, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашда давлат грантини ахборот технологиялари, қурилиш, транспорт ва логистика йўналишларида 100 фоизга етказиш назарда тутилган.  

Олий таълим билан қамровни кенгайтириш олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш йўналишида ҳам қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.  

Хусусан, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш кун тартибига қўйилмоқда.  

Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Бундан ташқари, яна бир муҳим вазифа олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш ҳам белгиланган.    

Илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, фундаментал тадқиқотларни замон талабларидан келиб чиқиб янги йўналишлар билан бойитиш, иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона-олийгоҳ-илмий ташкилот” кластер тизимини жорий этиш, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир.  

Таъкидлаш ўринлики, таълим тизимини ўз вақтида ва тўғри ислоҳ қилиш бизни ривожланган давлатлар ва фаровон жамиятлар қаторидан ўрин олишимизнинг асосий шартларидан. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг жон куйдириб айтган фикрларидан тўғри хулоса чиқариш, стратегик вазифа сифатида белгилаб берилган вазифаларни сифатли бажаришимиз шарт.            

Шуҳрат Исмоилов,

Юридик фанлар доктори.

ЎзА