Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар бугунги кунда ўз самарасини бериб бормоқда, хусусан қонунчиликдаги янгиликлар халқ турмуш-тарзини тубдан янгилашга қаратилаётгани фикримиз исботидир.
2022 йил 28 январда қабул қилинган «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони, қисқа қилиб айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, жамият ҳар томонлама ривожланиши учун ҳуқуқий пойдеворни мустаҳкамлаш ва кишилар ҳаётида қонунийликни таъминлашдан иборат десак, адашмаймиз.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 1-иловаси I қисми «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» деб номланиб, қуйидаги мақсадлар белгиланган:
— маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;
— халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш;
— маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш;
— давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш;
— ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш;
— давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш;
— мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш;
— норма ижодкорлиги жараёнини модернизация қилиш, қонунчилик ҳужжатларининг қатъий ижросини таъминлаш;
— «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш;
— давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш;
— халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш;
— таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Юқорида кўрсатилганлардан бирида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги, замон талабларига ҳамоҳанг, хорижнинг энг илғор тажрибалари асосида шакллантириш, уларнинг асосий фаолиятини халқ манфаати, инсон қадр-қиммати, уларнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бунда шунингдек, Ички ишлар органларини халқ суяна оладиган, ишона оладиган органга айлантириш ҳам назарда тутилган. Бу ўз навбатида халқ билан давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.
Кўзланган мақсаднинг иккинчи қисмида прокуратура органлари фаолиятига алоҳида урғу берилган бўлиб, ушбу органнинг қонунийликни мукаммал таъминлайдиган, очиқ, шаффоф, адолат масканига айлантириш асосий вазифа этиб белгиланган. Ундаги «Қонун — устувор, жазо — муқаррар» тамойили эса устувор вазифа, бош мезон сифатида белгилаш кўрсатилган. Бу мезон замирида бир олам маъно акс этган бўлиб, унга кўра қонуннинг ҳар қачон, ҳар ерда устувор этиб белгиланиши, унга барча фуқаролар сўзсиз риоя қилиши ва ҳурмат руҳида бўлиши билан бир қаторда, агарда белгиланган тартиб-қоида бузиладиган бўлса, хоҳ у қасддан ёхуд эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган бўлса ҳам, барча учун жавобгарликнинг аниқ қилиб белгилаб қўйилганлиги, жазодан ҳеч ким ҳеч қандай йўл билан қоча олмаслиги ва уни таъминлаш прокуратура органларининг вазифаси эканлиги ян бир бор эслатиб ўтилган.
Кейинги бандларда тезкор-қидирув ва тергов органлари фаолияти устидан доимий назорат олиб борилиши, шунингдек дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан ўтказиладиган процессуал ҳаракатлар фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, шунингдек тергов жараёнида шахс қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунга хилоф бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик назарда тутилган.
Бундан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ҳақидаги хабарларни тўла, батафсил ўрганиш ҳамда жиноятларни очишда халқаро стандартларга асосланган замонавий инновацион усуллардан фойдаланиш асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган.
Х.Қудратиллаев, Ш.Маматалиева,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноаят-процессуал ҳуқуқи кафедраси ўқитувчилари
ЎзА