Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамият қудрати оиладан бошланади
19:30 / 2026-01-19

Соғлом оила – соғлом жамият

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг муҳим ва устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, роли ҳамда ижтимоий мавқеи янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш “Инсон қадри учун” деган эзгу ва улуғвор ғоя ҳамда Янги Ўзбекистон концепцияси асосида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур” жамият ҳаётига самарали татбиқ этилмоқда. Ушбу дастур хотин-қизларнинг таълим олиши, бандлиги, тадбиркорлик фаолияти, ижтимоий ҳимояси ҳамда бошқарув тизимидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, жамиятда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилгани бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми эканини яққол намоён этади.

Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасидаги иштироки эса 45 фоизга етди.

Бу каби кўрсаткичлар хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасини яққол намоён этмоқда ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 14 мартда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асос бўлди.

Шу маънода, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан ҳам оилалар тинчлигини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни тарғиб этиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг касбий салоҳияти ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Институт фаолияти “Соғлом оила – соғлом жамият” тамойили асосида йўлга қўйилган бўлиб, бу жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, оиладаги барқарор ва соғлом муҳит мамлакатдаги ижтимоий барқарорлик ва маънавий юксалишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг осойишта ҳаётини кафолатлаш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, оиланинг муқаддаслиги ва фаровонлигини таъминлашда онанинг оқилалиги, отанинг масъулияти, меҳр-мурувват, садоқат ва вафодорлик устувор аҳамиятга эга. Жамиятимизда оила қадрияти, фарзанд тарбияси, ота-оналик бурчи ҳамда аёлга бўлган ҳурмат энг муҳим ижтимоий мезонлардан бири сифатида эътироф этилади.

Олдимизда аждодларимиздан мерос бўлиб қолган маънавий бойликларни, хусусан, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшлар онгида оилага ҳурмат, уни муқаддас деб билиш, оила олдидаги масъулият ва бурч туйғуларини янада юксалтириш каби муҳим вазифалар турибди.

Шуни унутмаслигимиз керакки, оила ва хотин-қизлар масаласига оид вазифалар фақат давлат идоралари ёки алоҳида мутасаддилар зиммасидаги масъулият эмас. Бу, она Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган, миллий қадриятларимизни ардоқлаган, оила муқаддаслигини англаган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ва фуқаролик масъулиятидир.

Зеро, жамоатчилик таъсири – жамият тараққиётини белгилайдиган улкан маърифий кучдир. Ана шу куч бирлашган ҳолда ҳаракат қилгандагина соғлом оила, барқарор жамият ва инсон қадри улуғланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш мумкин.

Мақолага  Президентимизнинг “Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, деган сўзлари билан нуқта қўйишни жоиз деб билдим.

Фарида АБДУРАҲИМОВА,

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти

бўлим бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, профессор.

ЎзА