Фарғонада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, тарғиботнинг янги усул ва воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Унда Республика Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар-туман бўлинмалари раҳбарлари, олий ўқув юртларининг биринчи проректорлари, бўлим бошлиқлари, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари иштирок этди.
Президентимизнинг 2021 йил 26 мартда қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид, хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Семинарда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия, тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив, инновацион услублари хусусида, жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият экани ҳақида сўз борди. Мутахассислар олдида турган муҳим вазифалар қайд этилди. Масъуллар маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига тўхталди.
Иштирокчилар тарғиботнинг янги усуллари ва илғор тажрибалари билан танишди.
Н.Бозорова, ЎзА