Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимиз бўйлаб маънавият байрами, маърифат тантанаси бўлди, десам муболаға бўлмайди.
Давлат раҳбарининг сўзларини тинглар эканман, соҳада ўтган йиллар кино тасмасидек бирма-бир кўз ўнгимдан ўтди. Шундай пайтлар бўлдики, на иш шароити, на ойликнинг тайини бўлди. Бировларга юклатилган ҳолда “Ўз аравангни ўзинг торт” қабилида иш юритилди. Натижада кадрлар қўнимсизлигидан ёки тасодифий кишиларнинг соҳага келиб қолишидан азият чеккан вақтлар ҳам кам бўлмади.
Селектор йиғилишида Президентимиз “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугунги мураккаб ва таҳликали бир даврда маънавият масаласи ҳар доимгидан ҳам муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб, олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун мафкуравий-ғоявий кураш тобора кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб бир даврда соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, фаолиятни замон талаблари асосида такомиллаштириш, илмий асослантиришни тақозо этмоқда.
Давлат раҳбари бежиз маънавият, маданият соҳаси вакилларини Мудофаа вазирлиги хизматчиларига тенглаштирмаган. Ростдан ҳам, инсон онгида, тафаккурида кечаётган курашда маънавий иммунитети мустаҳкам инсонгина ҳеч қачон енгилмайди. Айнан, ёт ғоявий қурол нишонига айланган минг йиллик қадриятларимизни, садоқат, фидойилик, бағрикенглик, буюк аждодларга ҳурмат, илмга чанқоқлик, одоб-ахлоқ, яратувчанлик, одамийлик каби миллатимизни миллат қилиб турадиган эзгу фазилатларимизни ҳимоя қилиш учун ҳам маънавият керак. Ғоялар олишуви деймизми, ахборот уруши, маънавий таҳдид ёки манфаатлар тўқнашувими, нима деб номланишидан қатъий назар бу курашнинг ҳеч бўлмаганда битта ўқ отиладиган классик урушлардан жуда катта фарқи бор. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, бундай урушда рақиб томонни таниб олишга маънавият ёрдам беради.
Президентимиз куюниб “Иқтисодий қашшоқликни қисқартиришимиз, тугатишимиз мумкин, аммо маънавий қашшоқликдан, фикр қарамлигидан қандай қутуламиз?”, деди. Мана шу фикрнинг ўзиёқ маънавият соҳаси қанчалик нозик, масъулиятли ва мураккаб жараён эканига далолатдир. Инсон онгу тафаккурини эгаллаш учун ғоявий кураш кучайган, айниқса, таъсир кўрсатиш чоралари тобора такомиллашиб бораётган бир даврда ҳар бир инсон, айниқса, ота-оналар, зиёлилар маънавият тарғиботчисига айланишлари зарурати пайдо бўлмоқда.
Болғанинг ҳар бир зарби ясалаётган ашёнинг сифатини кафолатлагани каби, тарғиботда ҳам самарадорлик изчиллик, доимийлик ва узвийлик билан боғлиқдир. Эндиликда маънавий-маърифий масалаларда алоҳида-алоҳида ҳолатда иш олиб бораётган муассасалар худудий маънавият ва маърифат кенгашлари томонидан мувофиқлаштирилади. Ҳатто мактабгача таълим муассасасидан бошлаб ғоявий тарбияни кучайтириш масалалари ўртага ташланди. Бу бежиз эмас. Бугун кўнглимизни хира қилаётган салбий кўрсаткичлар: турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолаётганлар, гиёҳвандликка берилиб кетганлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир қилаётган катталар, кечаги болалардир. Кичиклигиданоқ қалбини соф туйғуларга ошно қилиб, эзгу ғояларни сингдириб, илму адабга мойил этиб, энг муҳими, ўз қатъий ҳаётий маслагига эга шахс сифатида шаклланишига эришсак, болаларнинг ўзигаям, ўзимизгаям, жамиятгаям, Ватанимизгаям, дунёгаям яхшилик қилган бўламиз.
Бир сўз билан айтганда, маънавият масалаларига бағишланган ушбу йиғилиш халқимиз, айниқса, ёшларимиз билим ва салоҳияти, ақл-заковати, истеъдоди ва ҳаётий тажрибасини Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, янада тараққий топиш йўлидаги интилишларга том маънода тамал тоши қўйди.
Лола Саодатова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари