Очиқ мулоқот
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган галдаги очиқ мулоқот жамиятда аёлларнинг ўрни ва уларнинг муаммоларига бағишланди.
Таъкидлаш керакки, ассоциация ишлаб чиққан «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа дастурида ўнлаб лойиҳалар қатори «Аёллар медиа клуби»ни ташкил этиш ва мунтазам равишда фаол аёллар иштирокида турли мавзуларда мулоқотлар ўтказиш белгиланган. Ташкил этилган ушбу очиқ мулоқот ҳам дастур доирасида бўлиб, унда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги роли, бугунги ислоҳотларда иштироки ва фаоллиги ҳамда улар дуч келаётган муаммоли масалалар хусусида сўз борди.
Очиқ мулоқотда сўзга чиққан масъуллар мамлакатимиз барча соҳаларида хотин-қизлар фаол иштирок этаётгани ва амалга оширилаётган ўзгаришларда улар ҳиссаси алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Тадбирда маълумот берилганидек, бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 300 нафардан ортиқ, шу жумладан, вазирлик ва идораларда 45 нафар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида 39 нафар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида 207 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенати аъзоларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Тижорат банклари микрокредит базаси мижозларининг 30 фоизидан ортиғини хотин-қизлардан иборатдир. Қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида 1,5 миллиондан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг 20 фоизига, шу жумладан, фермер хўжаликларининг 7,3 фоизига аёллар раҳбарлик қилса, умумий ўрта таълим ўқитувчиларининг 70 фоиздан ортиғини аёллардир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА