Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти сарҳисобига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришда ердан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу боисдан мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бу борада тизимли ишлар амалга оширмоқда.
Жамғарма томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, уларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш рағбатлантириб келинмоқда. Аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатадиган «Томорқа хизмати» МЧЖларни моддий-техника базасини кучайтириш учун молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, «Томорқа хизмати» МЧЖларни жамғарма маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялари, асбоб-ускуналар ҳамда тайёр интенсив боғ ва токзорлар ҳамда иссиқхоналар билан таъминлаш бўйича лизинг фаолияти амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилда жамғарма кўмагида “Томорқа хизмати” МЧЖлар 5,6 миллиард сўм айланма маблағ билан таъминланди, аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиш 50 мингга ортди. Йилига 10 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланади ва захира қилинади. Энг муҳими 400 та янги иш ўринлари яратилади.

– Биргина Тошкент вилоятида замонавий иссиқхонанинг қурилиш лойиҳасига кўра 20 гектар ер майдонида иссиқхоналар Хитой, тоннель ва голланд усулида қурилиши лойиҳалаштирилган, – дейди Жамғарма бўлим бошлиғи Хуршид Исроилов. – Ҳозирги кунда жами 5 гектар ер майдони 28та иссиқхонани қуриш ишлари якунланди. Қуриб битказилган иссиқхоналарга буюртмалар асосида лизинг шартлари асосида сотилмоқда. Ҳозирга қадар 16 та иссиқхона лизинг шартномаси асосида сотилди. Шунингдек, 32 та “Томорқа хизмати” МЧЖ комплекслари орқали йилига 200 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларга хизмат кўрсатиш, нобуд бўлиши эҳтимоли юқори бўлган 30 минг тонна маҳсулотни музлаткич омборларига захира қилиш, 50 минг гектар томорқа майдонини экиш ишлари учун арзон нархларда ҳайдаб бериш, 90 минг тонна мева сабзавотни маҳсулотларини қайта ишлаш ва ҳар бир кластер лойиҳаси орқали 600 минг АҚШ доллар миқдорида экспортни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Соҳада шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олини олиш, унга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш борасида ҳам жамғарма бир қатор амалий ишларни қилмоқда. Бу эса жамғарма маблағларининг самарали ва манзилли ишлатилишига, коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатларини талаб даражасида такомиллаштиришга, ходимлар ва мижозларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Халқаро стандартлар ИСО 9001:2015 “Сифат Менежменти Тизими”, ИСО 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент (пора олиш-бериш билан курашиш) тизими” халқаро стандартлар бўйича сертификатлари топширилди.
Тадбирда жамғарманинг 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган молиявий ресурслар ва уларнинг натижалари хусусида тўлиқ маълумот берилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА