Маълумки, мерос фуқароларнинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган, деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос очилган вақтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос мулкини ташкил қилади.
Хўш, жамғарилган пенсияни ҳам мерос қолдириш мумкинми? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, жамғариб бориладиган ихтиёрий пенсия бадаллари — шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрийлик асосида киритиладиган пул маблағлари, жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадаллари — шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига мажбурий тартибда киритиладиган пул маблағлари ҳисобланади.
Ушбу қонуннинг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жамғариб бориладиган пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга. Демак, фуқаролар пенсия ҳисобварағига мажбурий ва ихтиёрий маблағлар жамғариб боришади. Қонуннинг 6-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиганлар қонунда бошқача маълумотлар белгиланмаган бўлса, мажбурийдир. Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек, бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.
Демак, бу шахсий захирадек дейиш мумкин. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 17-моддасига кўра, Фуқаро вафот этган тақдирда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бирйўла тўла ҳажмда тўланади. Фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бирйўла тўла ҳажмда тўланади.
Қонуннинг 24-моддасига кўра, Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тўлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади.
Жумладан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар батамом тугаганда, бундай тўловларни олувчи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган жами суммани меросга ўтказиш мақсадида тўловларни олишдан ёзма равишда нотариал тасдиқланган тартибда воз кечганда ҳамда давлат пенсиясини олиш ҳуқуқини йўқотганда.
Демак, Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини мерос қилиб ўтказиш мумкин ва сўнгра Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тўлаш тугатилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА