Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати давом этаётган бир паллада мамлакатимизнинг қатор номдор чарм қўлқоп усталари Россия ва Бирлашган араб амирликларида ўтказилган профессионал бокс мусобақаларида иштирок этди.
Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида профессионал боксдаги илк баҳсини ўтказган Жаҳон чемпионати совриндори Бобоусмон Ботуров россиялик Артём Пугачга қарши рингга кўтарилди ва 8 раундга белгиланган жангда ҳамюртимиз очколар ҳисобида ғалабага эришди.
Ўзбекистон чемпионатининг биринчи кунида иштирок этган истеъдодли боксчимиз Баҳодир Жалолов Бирлашган араб амирликлари пойтахти Абу-Дабида IBA Pro Series мусобақасида асли россиялик Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган Данис Латипов билан 5 раундлик жангда қатнашди.

Кутилганидек, Жалолов рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ҳамда ғолибликка эришиб, мусобақа низомида белгиланган 30 минг АҚШ долларига эга чиқди.
Мазкур турнирда қатнашган яна бир юртдошимиз Саиджамшид Жаъфаров кубалик Жаҳон чемпиони Ёенлис Эрнандесдан 1 раундда устунликка эришиб, қолган 4 раундда имкониятни бой берди.

Яна бир эътиборли ҳолат. Мазкур IBA Pro Series турнири доирасида Абу-Дабида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)нинг навбатдаги конгресси ўтказилиб, унда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев иштирок этди. Конгресс давомида боксининг олимпия ўйинларидаги ўрни, келгуси халқаро мусобақалар, жумладан, 2023 йили Тошкентда ташкил этилиши кутилаётган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик масалалари хусусида сўз борди.
Бевосита Ўзбекистон чемпионатида кечаётган жангларга тўхталадиган бўлсак, кеча кун мобайнида 48 та жуфтликларнинг учрашувлари ўтказилди.

Эътиборлиси, ўтказилган баҳсларда Рио олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов, жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова, жаҳон чемпионати совриндори Дилшодбек Рўзметов ва ўнлаб қитъа чемпионатлари совриндорлари, олимпия ўйинлари иштирокчилари, амалдаги мамлакат чемпионати ғолиблари иштирок этди. Ҳасанбой Дўсматов фарғоналик Зиёдулла Алижоновни қийинчилик билан 4:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Мирзахалилов пойтахтлик Абдували Бўрибоевдан устун келди.
Бугун, 12 декабрь куни аёллар ва эркаклар ўртасидаги 12 тадан вазнда Ўзбекистон чемпионатининг ярим финал жанглари ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА