French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳонни мафтун этган шаҳар
15:43 / 2023-10-18

Самарқанд. Мўъжизакор, боқий ва доим навқирон, тарихнинг қанчадан қанча сир-синоатларига, зафарли, ҳам андуҳли жараёнларига гувоҳ бўлган ушбу шаҳар номини эшитганда, кўпларимизнинг юрагимиз ҳапқириши табиий.

Унга умрида бир бор бўлсада боришни, мўъжизакор шаҳарнинг қадимий меъморчилиги, хушҳавосидан баҳра олишни, жўмард, меҳмондўст инсонлари билан ҳамсуҳбат бўлишни, очилдастурхондек ноз-неъматларга тўлиб тошган бозорларини кезишни, мўйсафид, донишманд оқсоқолларининг ривоятларини тинглашни ким ҳам орзу қилмайди. Самарқанднинг ажиб меҳмоннавоз муҳитидан, тарих шивирлаган обидаларидан қанча-қанча шоирлар, адиблар, олимлар, ҳофизлар, мусаввирлару ҳунармандлар илҳомланмаган, дейсиз.  

Жаҳоннинг турли бурчакларидан сайёҳлар аримайдиган, барчани ҳайратлантирадиган, ҳавасини келтирадиган бу кўҳна шаҳарни қайта-қайта зиёрат қилишни канда этмаймиз.    

Манбаларга кўра, Самарқанд ҳақидаги маълумотлар зардуштийларнинг қадимий ва мўътабар манбаси “Авесто” китобида ҳам келтирилган экан. Айни пайтда Искандар Зулқарнайннинг кўҳна Рим ва юнон тарихчилари ушбу шаҳарни ўз асарларида Мароқанд (Мараканда) сифатида эҳтиром билан тилга олганларини олимлар эътироф этади. Тарихнинг турли даврларида бу шаҳар кўҳна давлатчилик, шаҳарсозлик, меъморлик, боғдорлик, илм-маърифат, маданият ва санъат, миллий ҳунармандчиликнинг бетакрор мактаб ва анъаналари шаклланишида ўзига хос маёқ вазифасини ўтади, десак муболаға бўлмайди.  

Тарих билан тиллашган Самарқанд Соҳибқирон бобомиз Амир Темур даврида тобора гуллаб-яшнади, равнақ топди. Унинг табаррук номи янада кўпроқ дунёга таралди. Миллий меъморчилик, шаҳарсозлик, илм-фан, маданият маркази, олиму уламолар, фозиллар, жаҳонгирлар шаҳри сифатида ном қозонди. Қадим шаҳар Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва яна бошқа кўплаб алломаларимиздек табаррук зотларнинг ёдини эсга солади. Уларнинг пок руҳлари гўё бу шаҳарда кезиб юргандек туйилаверади ҳар биримизга.  

Истиқлол йилларида Самарқанд шаҳрининг наинки мамлакат, жаҳон миқёсидаги мавқейи ва мақоми янада юксалди. Нодир меъморчилик намуналарини қайта тиклаш, реконструкция қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасидаги эзгу ишлар кенг қулоч ёзди. Шаҳарда улуғ жаҳонгир бобокалонларимизнинг юбилей саналарини нишонлаш, бу тадбирларнинг халқаро миқёсда нишонланиши ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Қўҳна шаҳарга ЮНEСКОдек нуфузли халқаро ташкилот эътиборининг қаратилиши Самарқанднинг жаҳоннинг энг қадимий шаҳарлари билан бемалол бўйлашишидан, эҳтимолки, бизлар учун ана шу турфа кентлардан ҳам афзаллигини англатади.    

Кейинги олти-етти йил давомида Самарқанд таниб бўлмас даражада янги қиёфа касб этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида тарихий обидаларнинг асл қиёфасини сақлаб қолиш билан бирга шаҳарда янгидан-янги замонавий турар-жойлар, ижтимоий, транспорт-логистика объектлари қад ростлади. Самарқанддаги замонавий туристик мажмуалар, айниқса, “Боқий шаҳар” мажмуаси афсонавий, эртакмонанд бўлиши билан бирга жаҳон шаҳарсозлик, сайёҳлик, меъморчилик, дизайнерлик, тасвирий ва амалий санъатининг ажиб гулдастасидек, меҳнатсевар ва ижодкор, маърифатга интилган халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, янгиланишлар сари юз тутган Ўзбекистонимизнинг ўзига хос тимсоли янглиғ кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда.  

Мана икки йилдирки, Самарқанд халқаро, жаҳон миқёсидаги энг нуфузли форумлар, анжуманлар, илмий-ижодий лойиҳалар ўтказиладиган шаҳарга айланди. Бир сўз билан айтганда, Самарқанднинг сеҳри, жозибаси, таровати бугун ҳам дунёни мафтун этиб келмоқда.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири