Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳонгир Воҳидов: ота-оналар фарзандларига мотивация бериши зарур
18:26 / 2023-07-20

20 июль – Халқаро шахмат куни сифатида нишонланади. Маълумки, юртимизда ушбу спорт тури ривожига алоҳида эътибор бериб келинади. Натижада мамлакатимиз шахматчилари халқаро миқёсдаги мусобақаларда юксак марраларни қўлга киритмоқда.

Бугун сана муносабати билан “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган шахмат олимпиадаси ғолиби Жаҳонгир Воҳидов билан масофадан мулоқот ташкил этилди.  

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг ҳудудий кенгашлари аъзолари, ёш шахматчилар иштирок этди.

Мулоқотни партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонова кириш сўзи билан очар экан, тадбир иштирокчиларини шахмат байрами билан табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, бу борада ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби Жаҳонгир Воҳидов айни пайтда катта мусобақаларга тайёргарлик кўраётгани боис тадбирда онлайн иштирок этиб, иштирокчиларга болалиги, оиласи ва шахматдаги ютуқлари ҳақида сўзлаб берди:

– Шахматни ривожлантиришни аввало, оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Яна бир жиҳати, рағбат керак. Яъни, ота-оналар фарзандларини рағбатлантириши, қўллаб-қувватлаши, мотивация бериши зарур, – деди чемпион.  

Шунингдек, мулоқот давомида нуқсони бўлган шахслар учун инновацион шахмат тахтаси тақдимоти бўлиб ўтди. Бу борада мутахассислар фикри тингланди, таклифлар ўртага ташланди.

Очиқ мулоқотдан сўнг партия ходимлари, фаоллар ҳамда ёш шахматчилар ўртасида мусобақага старт берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА