Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан миллий кураш мусобақаси бўлиб ўтди.
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” ёпиқ кураш мажмуасида ўтказилган беллашувда қизлар 63 килограмм, эркаклар 66, 81 ва мутлақ вазн тоифасида гиламга тушди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақанинг қизлар ўртасидаги баҳсларида Жарқўрғон туманилик Шоҳиста Назарова биринчи, Термиз шаҳридан Тилло Хонимқулова иккинчи ва қумқўрғонлик Юлдуз Муҳаммадиева билан жарқўрғонлик Чарос Абдуллаева учинчи ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, эркаклар ўртасидаги иккала вазн тоифасида ҳам ғолиблар аниқланди.
Мутлақ вазн тоифасидаги беллашувларда олтинсойлик полвон Жаҳонгир Маматраҳимов рақибларидан устун келиб, бош соврин – “Дамас” автомобили билан тақдирланди. Жарқўрғонлик полвон Шермуҳаммад Жандриев иккинчи, сариосиёлик Муҳсин Ҳисомиддинов ва қашқадарёлик Шоҳрух Бахтиёровлар учинчи ўринни эгаллаб, туя ва от совринларига эгалик қилди.
[gallery-26736]
Мусобоқада 63 килограмм вазндаги қизлар ва 66, 81 килограмм вазн тоифасидаги эркаклар ўртасидаги беллашув ғолибларига от, ҳўкиз, қўчқор совринлари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири