Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳонгашта журналист – Зоминда
17:46 / 2025-10-16

Жаҳон журналистикасида ўз ўрни ва обрўсига эга, халқаро миқёсда таниқли журналист ва ёзувчи Юрий Сигов Жиззах вилоятининг Зомин туманида меҳмон бўлди. У ташрифи давомида Зоминнинг бой тарихи, табиий гўзал манзаралари ҳамда замонавий туристик имкониятларини ўрганди.

Юрий Сигов нафақат саёҳатчи, балки бутун дунёдаги ижтимоий, сиёсий ва маданий жараёнларни чуқур таҳлил қилувчи журналист сифатида ҳам танилган. У касбий фаолияти мобайнида 150 дан ортиқ мамлакатда бўлган, кўплаб давлатларда узоқ муддат фаолият юритган. Унинг қалами остидаги материаллар Африка чўлларидан тортиб Амазонка бўйлаб кенгликларга, Тинч океанидаги йўқолган атоллардан Магеллан бўғозигача бўлган ҳудудларни қамраб олган.

Айни пайтда Юрий Сигов АҚШда фаолият юритади. Илгари Буюк Британия ва Гонконгда яшаб репортажлар тайёрлаган, шунингдек, БМТ нинг Жанубий Африкадаги миссиясида матбуот котиби вазифасида ишлаган. У журналист сифатида жуда катта тажриба ва малакага эга.

Зоминга ташрифи давомида Юрий Сигов рафиқаси Анна-Ирина Ивановна билан бирга ҳудуддаги эко, экстремал ва гастрономик туризм йўналишларини ўрганди. Улар сайёҳлик салоҳиятини очишда муҳим бўлган омилларни – табиат, инфратузилма, маҳаллий маданият ва халқ меҳмондўстлигини чуқур таҳлил қилди. Шу орқали у ўз репортажларида мамлакатимизнинг туристик жиҳатдан бой ва ўзига хос жиҳатларини халқаро майдонда ёритишни мақсад қилган.

Юрий Сиговнинг ушбу ташрифи нафақат журналистик нуқтаи назардан аҳамиятли бўлди, балки Зомин туманидаги туризм ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. 

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири