Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШДА “EPAM System” яъни жаҳон ҳамжамиятидаги йирик IT таълим компаниясининг технологик ечимлар бўйича вице-президенти Kris Layer ва давлат сектори бўйича вице-президенти Anna Danegger билан учрашди.
Унда Ўзбекистоннинг IT соҳаси, жумладан, IT хизматларини экспорт қилиш жараёнлари, эришилган ютуқлари ҳамда ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди. “EPAM System” компанияси вакиллари Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида кадрлар салоҳияти юқори эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ҳукумат томонидан глобал IT бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, ҳар томонлама ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш чоралари эътироф этилди.
“EPAM System” компанияси жаҳон ҳамжамиятидаги йирик IT таълим компанияси эканлигини ҳисобга олиб, Вазир томонидан компания вакилларини Ўзбекистон таълим фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга эришишда компания билан ишлаш муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, сунъий интеллект йўналишида кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
“EPAM System” компанияси вакиллари замонавий таълимни ташкил қилиш ва унга хорижий мутахассисларни жалб этишда кўмаклашишларини билдирдилар.
Н.Раҳмонова, ЎзА