2025 йил инсоният учун шубҳасиз тарихий бурилишлар йили бўлиб қолмоқда.
Дейлик, АҚШ ва Хитойнинг савдо ва технологиялар бўйича зиддияти глобал иқтисодий муҳитга “зарба” берган бўлса, Европа Иттифоқида эса энергия ва иқлим сиёсати билан боғлиқ кескинликлар кузатилди.
Жорий йилда экологик барқарорлик масалалари, айниқса, иқлимнинг тез ўзгариши, турли қуролли можаролар ва миграция муаммолари, сунъий интеллект ҳамда рақамли иқтисодиётнинг тараққиёти инсоният фаолиятининг турли соҳаларига ўз таъсирини кўрсатди.

Россия ва Украина, Исроил-Фаластиндаги геосиёсий ҳаракатлар минтақавий кучлар мувозанатида глобал сиёсий ўйиннинг янги қирраларини очди. G20 саммитида эса Жануб давлатларининг алоҳида овози эътиборга олинди — улар глобал иқтисодий барқарорлик, экология ва гендер тенглик масалаларини марказий мавзулар сифатида кўтарди.

Қолаверса, турли мамлакатлардаги кенг кўламли намойишлар — Италияда Ғазо бўйича норозилик митинглари, Непалда «Gen Z» талаби билан ўтган зиддиятлар, Малида эса демократик ислоҳот талаби билан уюштирилган аксиялар – глобал сиёсатга таъсир ўтказмасдан қолмади.

Қайд этиш керакки, мазкур йилда технологиялар нафақат иқтисодий ўсиш, балки давлатлар ўртасидаги стратегик устунликни белгилашда ҳам муҳим роль ўйнади. Генератив сунъий интеллект ва автоном тизимлар давлатлар ва компаниялар учун янги рақобат ва ҳамкорлик механизмларини яратди. Энди барқарорлик ва тараққиёт нафақат ресурслар, балки маълумот, инновация ва стратегик фикрлаш қобилияти билан ҳам белгиланади.

Ушбу йилда иқлим инқирози глобал даражадаги таҳдид сифатида янада очиқ кўринишда намоён бўлди, дейиш мумкин. Шиддатли муссон ёмғирлари, циклонлар ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари Осиёнинг бир қатор мамлакатларида йирик иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлди. Жумладан, Шри‑Ланка, Индонезия, Малайзиядаги кўчки ва тошқинлар оқибатида 2 мингга яқин одам ҳалок бўлди.

Экспертлар фикрича, иқлим инқирози глобал иқтисодий мувозанатни бузиб қўйди: сув ресурсларининг нотенг тақсимланиши, қишлоқ хўжалиги майдонларида ҳосил даражасининг пасайиши ва инсон саломатлиги учун хавфлар — барчаси давлатларни миллий стратегияларини қайта кўриб чиқишга ундади.

Ўзбекистонда ҳам экологик масъулият давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди, шунингдек, ўлкамизда экологик маданиятни ошириш бўйича алоҳида концепция қабул қилинди.

Умуман олганда, 2025 йил воқеалари инсониятнинг ўз ўрни, роли ва келажак учун масъулияти ҳақида чуқур фикр юритишни талаб қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА