Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон шахмат тожи учун курашадиганлар қаторида юртдошимиз бор
15:26 / 2025-11-24

Халқаро шахмат федерацияси тизимида 2026 йилги энг кутилган мусобақалардан бири бу, шахмат тожи учун кечадиган ФИДE номзодлар турнири ҳисобланади.

Келгуси йилнинг 25 март-5 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган даъвогарлар турнирида умумий ҳисобда дунёнинг 8 нафар энг кучли шахматчиси иштирок этиши белгиланган.

Куни кеча Ҳиндистонда давом этаётган жаҳон кубоги ярим финал ўйинлари якунлангунга қадар 5 нафар қатнашчи номи маълум эди. Жаҳон кубогининг финалчилари аниқлангандан сўнг номзодлар мусобақасининг 7 нафар иштирокчиси расман тасдиқланди. Улар: АҚШ вакиллари Фабиано Каруана, Хикару Накамура, ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха, нидерландиялик Аниш Гири, германиялик Маттхиас Блуебаум, хитойлик Вэй И ва ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров.

Бугун 24 январдан бошланиб, 26 ноябрга қадар давом этадиган жаҳон кубогининг 3-ўрни учун Нодирбек Ёқуббоев ва Андрей Есипенко баҳсида номзодлар турнирининг сўнгги вакили номи маълум бўлади.

Хўш, номзодлар турнирининг умумий мукофот жамғармаси қанчадан иборат бўлиб, унинг аёллар мусобақаси ва эркаклар баҳси учун мукофот миқдори қандай тақсимланади?

Халқаро шахмат федерацияси маълумотига кўра, амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукешга қарши курашадиган шахматчини аниқлайдиган саралаш турнирининг сўнгги босқичи бўлган номзодлар турнирида айтиб ўтганимиздек, 8 нафар иштирокчи 22 кунлик баҳсларда кураш олиб боради.

Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион евродан иборат бўлиб, очиқ баҳслар учун 700 миллион, аёллар мусобақаси учун 300 миллион еврони ташкил этади.

Бугунгача номзодлар мусобақасининг санаси маълум бўлса-да, ўтказиладиган ҳудуд номи эълон қилинганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Мексиканинг Торонто шаҳрида ўтган 14-номзодлар турнирида ҳиндистонлик Доммараджу Гукеш ғалаба қозониб, бир йил муқаддам ноябрь ойида жаҳон чемпиони хитойлик Дин Лижэндан чемпионлик тожини тортиб олганди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА