French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсири қандай?
17:41 / 2022-10-06

Фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон​нинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш вазифалари белгиланган.

Ундаги 97-мақсадда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан музокаралар ўтказиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Жаҳон савдо ташкилоти ва кўп томонлама савдо тизими соҳасида салоҳиятини ошириш каби бир қатор тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Ҳаётбек САЙДАЛИЕВ ушбу саволга қўйдагича жавоб берди.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 97-мақсади айнан шу масалага бағишланган, – деди Ҳ.Сайдалиев. – Унда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш устувор масала тарзда кўрсатилган.

Шу талаблардан келиб чиқиб, илмий муассасамиз экспертлари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши асосий макроиқтисодий мувозанатга қандай таъсир кўрсатишини баҳолади.

Таҳлилларга аҳамият қаратадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ташқи рақобатбардошликни кучайтириш, шу билан бирга, бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштириш учун замин яратиши мумкин. Аммо тарифларнинг пасайтирилиши туфайли ЖСТга аъзо бўлиш маҳаллий ишлаб чиқаришнинг заиф тармоқларига салбий таъсир қилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Тадқиқотда ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шарти сифатида Ўзбекистондаги тарифлар даражасини ЖСТга аъзо давлат бўлган Қозоғистон даражасига тушириш кўзда тутилган.

Бу жараёнда ўрганишлар шуни кўрсатадики, биринчидан, тарифлар ва ички нархларнинг пасайиши туфайли экспорт жозибадорлиги ошиши ҳисобига экспорт ҳажми 0,06 фоизга ортиши ва ички товарлар таклифи 0,03 фоизга камайиши мумкин. Иккинчидан, импорт ҳажми 0,06 фоизга ортади ва маҳаллий товарларга бўлган талаб 0,03 фоизга камаяди. Учинчидан, давлат бюджети даромадларининг қисқариши ҳисобига жами жамғармалар 0,35 фоизга камаяди. Тўртинчидан, жамғармалар ҳажмининг камайиши ҳисобига инвестициялар даражаси 0,16 фоизга пасайиши кузатилади. Бешинчидан эса ички нархларнинг пасайиши оқибатида истеъмол ҳажми 0,11 фоизга ортади.

Моделнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биринчи босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва бунинг натижасида тарифларнинг пасайтирилиши маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабнинг маълум даражада пасайишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириш заруратини келтириб чиқаради. Акс ҳолда хорижий компаниялар билан нарх рақобатига дош бера олмайдиган самарасиз корхоналар бозордан чиқиб кетади.

Янги шароитга муаммосиз ўтишни таъминлаш ва Ўзбекистонда миллий корхоналарни ташқи рақобат шароитига босқичма-босқич тайёрлаш учун янги муҳитни яратиш тавсия этилади.

Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириши билан тарифларнинг босқичма-босқич пасайтирилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш, технологик ва кадрлар базасини такомиллаштириш орқали сифатни ошириш, корхоналарнинг нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиши ҳамда истеъмолчиларнинг диди ва нимани маъқул кўришини тизимли равишда ўрганиш учун ўзига хос ишора бўлади.

Бунда йирик компанияларнинг ЖСТга кириш шартларига тайёрлик индексини йиллик баҳолаш амалиётини жорий этиш самарали механизм бўлиши мумкин. Демак, тадқиқотнинг ушбу босқичида моделнинг дастлабки натижалари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши умуман олганда қандай самара беришини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши узоқ давом этаётган жараён ҳисобланади. Бунда Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ бўлган ички бозорни нотариф чоралар орқали ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш,экспортни қўллаб-қувватлаш ва субсидиялаш чораларини ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар ижросини таъминлаш талаб этилади.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.