Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон ўйинлари йўлланмасига эга чиққан кикбоксингчиларимиз кутиб олинди
18:09 / 2022-12-20

Бугун, 20 декабрь куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида кикбоксинг бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида зафар қучган спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Мазкур қитъа чемпионатининг 27 та йўналишида иштирок этган спортчиларимиз 24 та медаллар жамланмасига эга чиқди.  

"Мусобақалар ҳар жиҳатдан қизиқарли ва мамлакатимиз кикбоксингчилари учун омадли кечди. Шиддатли баҳслар натижасига кўра, терма жамоамиз аъзолари 10 та олтин, 9 та кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритди. Чемпионат давомида 24 марта ватанимиз байроғи юксалган бўлса, 10 марта мадҳиямиз янгради. Мусобақалар доирасида ўтган Бутунжаҳон жанг санъатлари йўлланмаси учун саралаш баҳсларида 6 нафар спортчимиз қатнашиб, уларнинг 3 нафари – Зарифжон Истамов, Сергей Косолапов ва Малика Чориева кейинги йил Ар-Риёдда ўтадиган Жаҳон ўйинлари мусобақаси йўлланмасига эга чиқди. 

[gallery-10023]

Йўлланмалар сони бўйича спортчиларимиз чемпионатда қатнашган барча жамоаларни ортда қолдирганлиги ҳам аҳамиятли бўлди. Асосий рақобатчи давлатлар бўлган Эрон, Қозоғистон, Малайзия, ҳаттоки Таиланд вакиллари ҳам 1-2 тадан йўлланмани қўлга киритди", дейди кутиб олиш маросимида Ўзбекистон кикбоксинг федерацияси президенти Ойбек Нарметов  "Кикбоксинг билан 6 ёшимдан бери шуғулланаман. Устозим Жавлон Асқаров. Бундай юксак натижага биринчи марта эришишим. Биз спортчиларга яратиб берилган шароитлар учун раҳмат. Илк марта қитъа чемпионатида ғалабам шарафига ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганидан беҳад хурсанд бўлдим", дейди қитъа чемпионатида зафар қучган Малика Чориева.  

Кутиб олиш маросимида иштирок этган Мудофаа вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кикбоксинг федерацияси мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари спортчиларимизни ушбу муваффақият билан табриклаб, келгуси халқаро мусобақаларда ҳам ҳамиша ғолиблар сафида бўлишига тилак билдиришди.   

Т. Рўзиев, ЎзА