Алишер Навоий бутун дунё ёзувчилари ичида энг бой лексикага эга шахс сифатида тавсифланишини биласиз. Баъзи манбаларда Навоий ўз асарларида қирқ мингдан зиёд сўздан фойдаланган дейилса, баъзи манбааларда бу рақам каррасига баланд деб ҳам кўрсатилади. Аммо қандай қилиб Навоий бунча сўзни билган ва фойдалана олган?

Ҳамма гап ўша давр ижтимоий ҳаёт тарзига боради. Яъни XV асрларда Марказий Осиё ҳудудида 3 та тил: туркий, араб ва форс тиллари кенг тарқалган эди. Навоий эса уларнинг ҳар биридан ўз асарларида моҳирона фойдаланган. Шу сабабли Навоий меросини ўрганиш бутун жаҳон тилшунослари учун қизиқ ва бой мавзудир.
Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари эса дунё бўйлаб ёйилган бу тадқиқотларни бир ерга жамлашни уддаладилар. Икки йиллик изланишлар ва саёҳатлардан сўнг “Жаҳон навоийшунослиги” платформаси тест режимида ишга тушди. Ушбу платформа ҳозирча 8 та тилда фаолият юритади. Платформада навоийшуносликка доир янгиликлар, мақолалар, тадқиқотлар, таржималар, таълим дастурлари, видеоматериаллар ва кинофильмлар жой олган.
- Биз бу лойиҳа устида 2023-йилдан буён ишлаяпмиз. Кўпгина кутубхоналар, илмий марказлар, архивларда бўлиб шоир ижодининг хорижда ўрганилишига доир тадқиқот, таржима, ахборот, альбом, фильмлар билан танишдик. Улардан нусхалар олдик, тадқиқ этишга ҳаракат қилдик. Лойиҳа доирасида қўлга киритилган қўлёзма ҳамда тошбосма манбалар, илмий мақола ва монографиялар асосида Алишер Навоий ижодининг илмий биографияси, адабий меросини янги маълумотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилдик, – дейди лойиҳа раҳбари Гулноза Сатторова.
Платформага кирганингизда инглиз, француз, немис, рус, хитой, турк, тожик ва озар тилларидаги мақолаларга кўзингиз тушади. Бу эса Навоий мероси Шарқ ва Ғарб халқлари учун бирдек муҳим ва қизиқарли эканлигини исботлайди. Платформа ҳозирча тест шаклида ишга туширилган бўлиб, тадқиқотлар жадал давом этмоқда.
Бу йил таваллудининг 585 йиллиги нишонланаётган Навоий меросига жаҳон ҳамжамиятининг кучли қизиқиши бу тадқиқотлар ҳали узоқ йиллар давом этишидан дарак бермоқда.
Меҳрожиддин Умурзоқов
Ўзбекистон тарихи Давлат музейи матбуот котиби