Юртимиз истеъдодлар маскани. Қайси соҳани қараманг зукко, интеллектуал билимга эга ёшлар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам катта натижаларга эришиб келмоқда.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида маҳоратли спортчиларимиз жаҳон ареналарининг энг номдорлари қаторига кўтарилиш билан бирга, спорт таълими соҳасида ҳам катта ютуқларни қўлга киритмоқда.
Шундай спортчиларимиздан бири Халқаро гимнастика Федерацияси томонидан “Жаҳон миқёсидаги гимнастикачи” унвони соҳибаси Замиражон Санақулова педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Катта спортдаги фаолияти давомида кўплаб халқаро мусобақалар ғолиблигига эришган, Жаҳон чемпионатлари ва кубок баҳслари иштирокчиси, қитъа чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори, 12 карра Ўзбекистон чемпиони Замиражон Санақулова айни пайтда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида катта ўқитувчи, хотин-қизлар кенгаши аъзоси, мамлакат фижитал спорт федерацияси жуст дансе йўналиши бўйича бош мураббийи. Унинг “Ёш бадиий гимнастикачиларнинг ўқув-машғулот жараёнини оптималлаштириш” мавзусида олиб борган илмий иши мутахассислар, олимлар томонидан юқори баҳоланди.

Бухоро вилоятида камолга етиб, гимнастикачи сифатида халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш олима З.Санақулова бугунгача халқаро миқёсдаги илмий анжуманларда фаол иштирок этиш асносида жамоатчилик ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Меҳнат қилган элда азиз деганларидек, тиниб-тинчимас, изланувчан спортчи олима “Ёшлар овози” лойиҳасининг фаолларидан бири сифатида яқинда “Беҳбудий издошлари” халқаро танлови кўкрак нишони билан тақдирланди.
Кейинги 3-4 йил оралиғида халқаро тоифадаги спортчи Замиражон Санақулова қаторида Исроил Мадримов, Фарҳод Тўраев, Абдулла Тангриев, Баҳром Газиев каби таниқли атлетлар спорт таълим тизимида олимлик даражасига кўтарилдики, бу, янги Ўзбекистон янги имкониятлар мамлакати эканининг, унинг оловқалб ёшлари янгича йўналишларда ҳам ўз иқтидорини намойиш этаётганининг ёрқин ифодаси бўлмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА