Қувайт оммавий ахборот воситалари Марказий Осиёдаги туб ўзгаришлар хусусида
Қувайтнинг «Таймс Кувейт» газетасида “Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар - бутун Марказий Осиё янгиланишининг рамзи” сарлавҳали мақола чоп этилди.
Сўнгги йилларда ушбу минтақада туб ўзгаришлар юз берди, деб ёзади муаллиф. Ижобий тенденция сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа турли соҳаларга таъсир кўрсатди. Давлатлар раҳбарлари ўртасидаги алоқа изчил тус олгани, савдо ҳажми ошгани, кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани Марказий Осиёда янгича сиёсий муҳит шаклланганидан далолат.
Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунлариданоқ Марказий Осиёни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилади. Бундай ёндашув кўплаб стратегик ҳужжатлар, ташаббуслар ва амалий ишларда акс этди. Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик давлат раҳбарининг ҳар йили Олий Мажлисга йўллайдиган мурожаатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон билан стратегик шериклик йўлга қўйилиши, Қозоғистон билан стратегик муносабат мустаҳкамланиши натижасида минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди, дейилади мақолада. Қайд этилишича, Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган минтақавий ислоҳотлар йўли нафақат Тошкент, балки бутун Марказий Осиё ташқи сиёсатининг янгиланиш рамзидир.
Минтақа мамлакатларининг умумий ЯИМ 2016 йил 253 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсатгич 302,8 миллиард долларга етди. 2016-2019 йилларда минтақанинг умумий ташқи савдо ҳажми 56 фоиз ўсиб, 168,2 миллиард долларга чиқди, Марказий Осиёга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 40 фоиз ошди ва 37,6 миллиард долларга кўтарилди. “Boston Consalting Group” халқаро компанияси таҳлилчилари маълумотига кўра, келгуси 10 йилда минтақага 170 миллиард долларгача, жумладан, нохом ашё тармоқларга 40-70 миллиард доллар хорижий сармоя жалб қилиниши тахмин қилиняпти.
Умуман, амалга оширилаётган ислоҳотлар Марказий Осиёни барқарор, очиқ ва мустаҳкам ривожланаётган минтақа, истиқболли халқаро ҳамкор сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
***
Ўзбекистондаги ислоҳотлар
мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини кескин оширди
«Boston Consulting Group» (BCG) таҳлилий агентлиги “Ўзбекистон имкониятлар эшиги” шарҳини эълон қилди. Материалда мамлакатимиз яқин йиллар ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчи мамлакатга айланиши қайд этилган.
Агентлик баҳосига кўра, 2029 йилгача республикамизга жалб этиладиган тўғридан-тўғри инвестиция миқдори 65 миллиард долларни ташкил этади. Шундан 45 миллиард доллари хом ашё, 20 миллиард доллари нохом ашё сектори ва хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. Экспертлар фикрича, келгуси йилларда ёқилғи-энергетика мажмуаси, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, қурилиш, туризм, банк ва телекоммуникация йўналишларига кўпроқ инвестиция зарур. Бу соҳалар етарли меҳнат ресурси талаб этади. Айни дам Ўзбекистон йилига 2-6 миллион ишчи кучи экспорт қилувчи давлат ҳисобланади.
“BCG” таҳлилида Ўзбекистон иқтисодиёти юқори даражада диверсификацияланган бўлиб, аввало, кенг ва ривожланиб бораётган бозори билан сармоядорларни жалб қилиши мумкинлиги таъкидланади.
Қисқаси, экспертлар ислоҳотлар пайтида Ўзбекистонга сармоя киритиш самарали, дея хулоса қиладилар.
И.Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА