French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон матбуоти саҳифаларида...
18:19 / 2021-12-02

“Thames Water”. Лондон яқинида Европадаги энг йирик сузувчи қуёш электр станцияси барпо этилмоқда. Айни дамда сув омборининг юза қисмида қуёш электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қурилмани ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Муҳандисларнинг фикрича, қуёш батареяларидан олинган энергия Британиянинг аҳолиси зич бўлган шаҳарларидан бирини ёруғлик ва иссиқлик билан таъминлаши ҳамда яқин атрофда жойлашган тозалаш иншоотларининг ишини таъминлаши керак.

Энергия ишлаб чиқарувчи қурилма бир-бирига уланган 61 мингта кўприкдан иборат бўлиб, уларни 177 та лангар сув сатҳида қўзғалмайдиган ҳолатда ушлаб туради. Бу каби объектларни ишга туширгандан сўнг мунтазам амалга ошириладиган техник ишлар сув ҳароратининг нисбатан пастлиги туфайли анча арзонга тушади.

Глобал иқлим исиши: музликлар ва Тинч океани хавф остида

Янги Зенландия яқинида жойлашган иккита музлик глобал иқлим исиши сабабли тез суръатда эримоқда. Икки аср давомида музликлар майдони 20 фоизга қисқарган. Музликлар кунига тахминан 4 метрга силжимоқда.

Яқинда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агарда ҳаво ҳароратининг доимий кўтарилиши ўзгармаса, Тинч океани сатҳининг кўтарилиши натижасида Калифорния қирғоқбўйи ҳудудлари аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўладилар. Олимлар сув сатҳи ҳозирги даражадан тахминан 2 метрга кўтарилиши мумкинлиги қайд этишмоқда. Луизиана штатида сув тошқинлари ва денгиз сатҳининг кескин кўтарилиши оқибатида аҳоли Жан-Шарль оролчасига эвакуация қилинди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Тинч океани сувлари сатҳининг доимий кўтарилиши натижасида АҚШнинг айрим округларини 80 фоизгача сув босиши мумкин.

Қозоғистонда туя сути кукуни ишлаб чиқарадиган янги завод фойдаланишга топширилди

КАЗИНФОРМ ахборот агентлиги: Қозоғистоннинг Илий туманида туя сути кукуни ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилди. Завод бир кеча-кундузда 30 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод Қозоғистонда туя сутини қайта ишлайдиган ягона корхона таркибида ташкил этилди. Тайёр маҳсулот маҳаллий бозорга чиқарилишдан ташқари, Россия, Хитой, Туркия, Германия ва Францияга экспорт қилинади.

Ушбу заводга қарашли бўлган фермада беш мингта туя боқилади. Шу ерда аҳолини қимиз билан даволаш маскани ҳам фаолият юритади. Қимиз ва туя гўшти инсон организми учун фойдали витаминларга бой маҳсулот саналади.

“Жаҳон матбуоти саҳифаларида” туркумига оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклифларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.

И.Абдумаликзода тайёрлади.

ЎзА